Аёллар қўйилмайдиган орол ЮНЕСКО меросига айланади

Орол синтоситларнинг муқаддас қадамжоси ҳисобланади Фото муаллифлик ҳуқуқи Japan Ministry of Land, Infrastructure, Transport
Image caption Орол синтоситларнинг муқаддас қадамжоси ҳисобланади

Японияда аёллар бориши ман қилинган оролни ЮНЕСКОнинг тарихий обидалар қўриқхонаси рўйхатига киритиш тавсия қилинган. Япониянинг жанубий-ғарбида жойлашган Окиносима ороли синтоистлар учун шу қадар муқаддаски, унга бориш учун фақат эркакларга рухсат берилади.

Бироқ уларга ҳам оролдан бирор нарса олиб чиқиш тақиқланган, деб ёзади "Асахи-симбун" газетаси.

Оролга Халқаро мерос дастурига киритилган объект мақомини бериш тавсияси ЮНЕСКОнинг маслаҳат қўмитаси томонидан қабул қилиб олинган. Бу борадаги сўнгги хулоса июл ойида Парижда берилади.

Оролда "денгиз маъбуди"га бағишланган ибодатхона жойлашган. Окиносимада денгизда фалокатга учрайдиган денгизчиларни омон қолиши учун диний маросимлар ўтказилган. V ва IX асрлар оралиғида оролга Корея ва Хитойдан тужжорлар сузиб келишган.

Диний тақиқлар ушбу оролда ҳамон сақланиб қолинган. Оролга келган эркаклар қип-яланғоч ечиниб, "покланиш" расм-русумларидан ўтиши керак. Кейин оролга боргани ҳақида умри давомида ҳеч кимга айтмаслиги лозим.

"Агар орол ЮНЕСКО ёдгорлигига айланса, ушбу муаммоларни ечишга тўғри келади", - деб ёзади "Асахи-симбун" рўзномаси. Газетага кўра, оролга сайёҳлар келиб бошлаши мумкин.

Бироқ ҳозирча оролга аёлларнинг боришига қўйилган тақиқни бекор қилиш ҳақида ҳали сўз бормаяпти.

"Агар орол ЮНЕСКО меросига айланса ҳам, позициямиз ўзгармайди", - дейди ибодатхонада яшовчи синтоистлар.

Синтоизм Япониядаги анъанавий динлардан бири. У қадим японларнинг бир неча худо ва руҳларга сиғинишига асосланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМканалимиз - https://telegram.me/bbcuzbek