"Жанубий Суданни 1 миллион бола тарк этган"

Бир миллиондан ортиқ бола Жанубий Судандан чиқиб кетишга мажбур бўлган, деб ҳисоблайди БМТ. Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бир миллиондан ортиқ бола Жанубий Судандан чиқиб кетишга мажбур бўлган, деб ҳисоблайди БМТ.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Жанубий Судандаги фуқаролар уруши авж олар экан, бу мамлакатдаги болаларнинг аҳволидан хавотир билдириб чиқди.

Бир миллиондан ортиқ бола Жанубий Судандан чиқиб кетишга мажбур бўлган, деб ҳисоблайди БМТ.

Яна бир миллиондан ортиқ вояга етмаганлар мамлакат ичкарисида яшаб турган жойларидан кўчирилганлар.

Жанубий Судандаги қочқинлар инқирози дунёдаги энг ёмон инқироз, деб таърифлаган БМТнинг қочқинлар агентлигидан Валентин Тапсоба.

Жанубий Судан 2011 йил дунё сиёсий харитасида пайдо бўлган энг ёш мамлакатдир.

Мамлакат 2013 йилдан буён фуқаролар уруши гирдобида қолган.

Уруш Жанубий Судан Президенти Салва Киир вице-президент Риек Мачарни давлат тўнтаришини режалаштирганликда айлаб лавозимидан бўшатгани ортидан бошланиб кетди.

Мамлакатда кўп марта этник қирғинлар ва вайронагарчиликлар рўй берди.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Жанубий Суданни 2 миллион атрофида инсон ташлаб қўшни мамлакатларга чиқишга мажбур бўлган.

Уларнинг 62 фоизини болалар ташкил этади, дейди БМТ.

Жанубий Судандаги болаларнинг тўртдан уч қисми мактабдаги дарслардан узилганлар.

Бу жаҳондаги мактабсиз қолган энг кўп сондаги болалардир.

Нисбатан пасайган зўравонликлар 2016 йил июлида яна кучайди.

Собиқ вице-президент Риек Мачар тарафдорлари Президент Киир ҳарбийларини пойтахт Жубада қирғин содир этишда айбладилар.

Жанубий Судан аҳолиси 12,4 миллион киши деб кўрилган.

Шу йил март ойида БМТ жаҳонда очарчилик билан юзма-юз келаётган инсонларнинг аҳволидан огоҳлантирган, бир миллионча инсон ҳалок бўлиши мумкинлигини айтган эди.

'Миллионлаб одам ўлиши мумкин'

"Қочқин боланинг юзи Жанубий Судандаги қочқинлар инқирозининг рамзига айланди", деган БМТ қочқинлар идораси расмийси Валентин Тапсоба.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ