Видео: АҚШ Афғонистонга яна аскар юбормоқчи

жон Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Президент Трамп маслаҳатчилари ундан Афғонистонга Толибон билан курашишга қўшимча 3 минг аскар юборишни сўрашмоқда. Трампга киритилган тавсиялар ичида Толибон етакчиларини ҳаводан уриб йўқотиш ваколатини қайтариш ҳам бор.

Исми ошкор қилнмаётган расмийларнинг айтишича, Трамп ушбу режани ҳануз тасдиқламаган. Ҳарбийлар НАТОга аъзо бошқа давлатлар ҳам Афғонистонга 3000-5000 аскар юборишни сўрашмоқда.

Афғонистонда НАТОнинг 13 минг аскари бор, шундан 8400 таси АҚШ қўшинлари.

Американинг Толибонга қарши ҳарбий амалиётлари расман 2014 йили тугатилган. Бироқ махсус кучлар Афғонистон армиясига ёрдам беришда давом этмоқда.

Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари қўмондони генераль Жон Никэлсон феврал ойида Конгресс олдида қилган чиқишида бир неча минг аскар етишмаётгани ҳақида гапирган.

У ҳарбийлар кириб қолган боши берк кўчадан чиқиш учун кўпроқ аскар кераклиги ҳақида айтганди.

Толибон ўтган ой "баҳорий ҳужумлар"ни бошлаганини маълум қилган. Орадан бир ҳафта ўтиб Мозори Шариф шаҳри яқинидаги ҳарбий жамлоқда камида 135 афғон аскари ўлдирилди.

Гуруҳ ҳарбий ҳужумлар билан бир қаторда сиёсий тактикаларни ҳам ишлатишини маълум қилган. Улар нишонга асосан хорижлик ҳарбийлар олинишини айтган.

Толибон жангарилари бу ҳафта Қундузни олиш йўлида Афғонистон шимолидаги бир туманни ишғол қилган. Минглаб одамлар уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлган.

Афғонистонга қўшимча кучларнинг сўралиши янги раҳбарият ҳарбий бюджетни 10 фоизга ошириш қарори ортидан янграмоқда.

АҚШ мулозимининг айтишича, янги режа АҚШ ҳарбийлари ролининг кескин оширади ва аскарлар сонини белгилашни Оқ уй эмас, балки Пентагон ихтиёрига қолдириш ваколатини беради.

Президент Трамп ушбу таклифга НАТОнинг 25 май куни Брюселда бўлиб ўтадиган саммитда иштирокидан олдин қарор бериши кутилмоқда.

АҚШнинг олдинги Президенти Барак Обама Американинг Афғонистондаги қўшинлари сонини қисқартиш учун муддат белгилаган ва бевосита Толибон етакчиларини нишонга олиш борасида Пентагон ваколатларини олиб қўйган эди.

Бироқ кейинчалик у қўшинлар сонини маълум муддатда қисқартириш режасидан воз кечишга мажбур бўлганди.

Видеолавҳани BBC UZBEK YouTube каналида томоша қилинг

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.