Ҳижоб модаси мусулмон аёлларга ёқмаяптими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи ANNIESA HASIBUAN/INSTAGRAM
Image caption Ҳижоб модаси мусулмон аёлларга ёқмаяптими?

Дунё бўйлаб исломий либослар, хусусан ҳижобу рўмоллар савдосига киришган ширкатлар сони кўпайиб бормоқда.

Аммо баъзи сабабларга кўра, айрим мусулмон аёллар ўз либосларининг мода дунёсига кириб бораётганидан норози экан.

Dolce and Gabbana, H&M, Pepsi, Nike каби ширкатлар ҳижобли моделларини кўз-кўз қилишмоқда.

Ҳижоб анчадан бери энг баҳсли мавзулардан бирига айланган.

Бу ҳақда феминистлар ҳам, уламолар ҳам, анъанадору дунёвийлик тарафдорлари гапиришди.

Аммо бу гал навбат мусулмон аёлларнинг ўзларига келган кўринади.

Ижтимоий тармоқларда мусулмон аёллар ҳижоб ўраган моделлар расмларидан фойдаланишни савол остига олишмоқда.

Кендал ва Pepsi

Тасбеҳ Ҳарвис Good веб нашрида Кендал Женнер тушган Pepsi рекламаси ҳақида ёзди.

Бу мақола ёзилгани билан оммалашиб кетди.

Pepsi рекламаси чиқиши билан баҳсу мунозараларга сабаб бўлди.

Танқидчилар бу реклама билан ширкат кўча норозилик намойишларининг аҳамиятини пасайтирганидан норози бўлишди.

Аммо, мусулмон аёллар рекламадаги мусулмон фотограф қизнинг иштирокидан хафа бўлишди.

"Йирик бир ширкат мусулмон аёлининг имижидан фойдаланилиб, тараққийпарварлигини кўрсатмоқчи бўлди, аммо бунга лойиқлик масаласи ҳам бор", дейди Ҳарвис

Pepsi ҳижоб кийган мусулмон аёллари имижини бўрттираётган ва бундан фойдаланаётган ягона ширкат эмас.

Nike ширкати ҳам яқинда спортга мослаштирилган ҳижоблар тўпламини кўрсатди.

2018 йилда бу ҳижоблар савдога чиқиши керак.

H&M ҳам илк бор ҳижоб ўраган мусулмон модел билан маҳсулотини тақдим қилди.

Бошқа ширкатлар эса "Рамазон тўплами" каби қатор маҳсулотларини реклама қилишмоқда.

Мақсад мусулмонлар учун муқаддас саналган Рамазон ойида ўз молларини сотиб қолиш...

"Мусулмон аёлларининг имижи билан бу ширкатлар ўзларининг қанчалар "тараққийпарвар" ва "ранг-баранг"лигини кўрсатмоқчи бўлишади.

"Ҳозирги сиёсий фазода ширкатлар ўзларини диссидент жамоалар билан бирдамликда кўрсатиш модага кирди. Мусулмон аёлларни ана шундай жамоа деб танишмоқда".

Ҳижобли блоггерлар ва ёки ясан-тусан муаллифлар ҳам баҳсу мунозаралар марказида қолишган.

Одатда уларнинг суратлари, мақола ва бошқа шаклда, ижтимоий тармоқларда пайдо бўлишлари миллионлаб марта кўрилади, улашилади. Аммо айрим аёллар ўзларини кучли босим остида қолишаётганларидан норози...

Тижоратлашув мусулмон аёлларнинг муқаддас деб билган маъволарига ҳам дахл қилмоқдами?

Хадича Аҳмад Another Lenz онлайн журналининг муҳаррири ва у ўзи нима учун икки йил ҳижоб кийгани, кейин эса яна очиқ юришни бошлаганини ҳикоя қилади.

BBC Trending билан суҳбатда у реклама ва ижтимоий тармоқлар босими остида қолганини айтди.

"Мен ширик ширкатлар, брендлар бизга ёрдам бермоқда деб ўйламайман. Бизга бу брендларнинг ўзлигимиз, ўз либосимизни маъқуллаб беришлари шарт эмас", дейди у.

"Ҳижоб аслида ибодатдир, уни эса қанақадир фасонга айлантириб қўйишмоқда".

Ҳижоблилар ва ҳижобсизлар

Бу орада феминистлар ҳам бор.

Ҳижоб кийиш шарт саналган мамлакатларда яшаётган баъзи аёлларга кўра, улар ҳижобдан қутулолмай қийналишса, ширкатлар ҳижобни реклама қилишмоқда.

Масиҳ Алинежод Эронлик фаоллардан бири, у Facebookда Эрондаги аёллар ҳокимиятга қасдма-қасд ҳижобларини улоқтираётганига доир кампания бошлаган эди.

"Менимча, Ғарб матбуоти ҳижоб масаласини нормаллаштирмоқчи...Улар Ғарбдаги мусулмон аёллар озчилиги масаласига эътибор қаратмоқчи бўлишади, аммо мусулмон давлатларида яшаётган ва ҳижоб кийишга мажбурланган миллионлаб аёлларни унутиб қўйишади..."

Сиз қандай фикрдасиз?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар