Украинадаги "Ўлмас полк" юришида тўқнашувлар юз берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи NPU.GOV.UA
Image caption Бир полиция ходими тутунли бомбачадан жароҳат олган.

Украинанинг қатор шаҳарларида нацизм устидан ғалабанинг 72 йиллигига бағишланган тадбирлар, хусусан "Ўлмас полк" юришлари бўлиб ўтди.

Киевда ўтган юриш иштирокчилари "Арсенальная" метро бекатидан Слава паркигача уруш қатнашчиларининг суратларини кўтариб юриб, "Фашизм ўтмайди" дея хитоб қилишди.

Полицияга кўра, колоннада уч мингдан ошиқ одам бор эди. Колоннани икки томондан ҳарбийлар ва полиция ҳимоя қилишди.

Юриш вақтида кичик тўқнашувлар юз берди: украинпараст фаоллар қатнашчиларга қарата бир неча тутунли бомбачалар, ҳамда қизил бўёқ ва картошка солинган халталарни отишди.

Бир полиция ходими тутунли бомбачадан жароҳат олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NPU.GOV.UA
Image caption Украина матбуотига кўра, Харьковь ва Запорожье шаҳарларида ҳам "Ўлмас полк" юриши қатнашчилари ва украинпараст фаоллар ўртасида тўқнашувлар юз берган.

Баъзи деразаларга "Правый сектор" ташкилотининг қора ва қизил байроқлари, ҳамда қора уч айрили найза рамзлари илинганди. Бироз ўтиб полициянинг билдиришича, бу Украин миллатчилари ташкилотининг идораси эди.

Украина Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Артем Шевченконинг айтишича, айни ташкилот яқинида юз берган ҳодисалар бўйича жиноий иш очилган.

Шунингдек, полициянинг билдиришича, бир неча қариялардан "Георгиев лентачалари" тортиб олинган.

Айтилишича, "Ўлмас полк" юришининг бир иштирокчиси "Георгиев лентачаси" рангларидаги баннерни кўтармоқчи бўлган, аммо буни провокация дея талқин қилган полиция плакатни олиб қўйган.

Уни кўтарган киши эса полиция бўлимига олиб кетилган.

Би-би-сининг украин хизмати муҳбирига кўра, "Ўлмас полк" марши Абадий аланга ёдгорлигига гулдасталар қўйиш билан якун топган.

Марш ортидан украинпараст фаоллар баҳайбат украин байроғини кўтариб "Бандера ва Шухевич - Украина қаҳрамонлари" деган шиорларни айтиб хитоб қилганлар.

Украина матбуотига кўра, Харьковь ва Запорожье шаҳарларида ҳам "Ўлмас полк" юриши қатнашчилари ва украинпараст фаоллар ўртасида тўқнашувлар юз берган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар