Путин Штирлицга тақлид қилганми?

Вячеслав Тихонов Штирлиц ролида Фото муаллифлик ҳуқуқи Alamy

Ғарб агент 007 - Жеймс Бондга меҳр қўйган замонларда СССРнинг ўз суюкли жосуси бўларди - Штирлиц. Ва айнан Штирлиц Владимир Путинни КГБга киришига туртки берган бўлиши мумкин.

Ушбу мавзуни ўрганган Би-би-си мухбири Дина Нюман бу тасодифмиди ёки аслида ҳам шундай бўлганми, деган саволга жавоб излайди.

СССРнинг Жеймс Бондга "жавоби" бошқача разведкачи образи эди. Макс Отто ван Штерлиц СССР учун Улуғ Ватан уруши ҳисобланган Иккинчи Жаҳон Уруши йилларида Берлинда немис фашистлари олий қўмондонлигида фаолият юритган совет жосусининг номи бўлган.

Штерлиц "Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси" деб номланган телесериал қаҳрамонидир. 12 қисмдан иборат телевизион бадиий фильм ҳар йили 9-май - СССРнинг Ғалаба байрами арафасида Совет телевидениесида намойиш этиларди.

Илк бор "Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси" 1973 йили кўрсатилган, ўшандан буён бу кинони 50 миллиондан 80 миллионгача томошабин томоша қилган деб кўрилади.

"Ҳар кечқурун кўчалар бўм-бўш бўлиб қолар, одамлар тезроқ ишидан уйига етиб олиб, охирги серияда нима бўлишини кўришга шошилардилар", деб эслайди телесериал қаҳрамонларидан бири Элеонора Шашкова.

"Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси" ўзига томошабинни жуда жалб қиладиган драма бўлишидан ҳам ташқари "Совуқ Уруш" замони мафкурасига жуда мос келадиган фильм эди. Унда Штерлиц нацистлар билан америкаликларнинг 1945 йилдаги махфий тинчлик битимини барбод этишга муваффақ бўлади. Фильмнинг бошқа яширин мақсади ҳам бор эди.

"Фильм бизнинг мамлакатимизда жуда ҳурмат қилинган махфий агентларнинг нақадар муҳим одамлар эканини намойиш этади. У урушдан кейинги авлодга ватанпарварлик туйғуларини сингдирган", дейди Шашкова хоним.

Аслида бу фильмни тасвирга олишга КГБнинг ўша пайтдаги раҳбари Юрий Андропов кўрсатма берган. Орадан ўн йилча ўтиб СССР раҳбари бўлган Андропов бундай кино билан ўқимишли ёшларни КГБга ишга жалб этишни хоҳлаган.

Телефильм биринчи марта эфирга узатилишидан олдин Андроповнинг ўзи шахсан маъқуллаган, тасвирга олиш жараёнини эса унинг биринчи ўринбосари назоратга олган, КГБнинг икки ходими консультантлар сифатида тасвирга олишда кўмаклашган.

Владимир Путин ҳеч қачон Штирлиц ёки бошқа одам ўзининг жосус бўлишига илҳомлантиргани ҳақида гапирмаган. Бироқ илк бор фильм намойиш этилганида у 21 ёшда бўлган ва орадан икки йил ўтиб КГБ сафига қўшилган.

Вақти келиб Путин худди Штерлиц каби Германияга ишга юборилган.

Агар Жеймс Бонд арақхўр пиёниста бўлса, Штерлиц - худди Путин каби ичкиликни хуш кўрмайди.

Фильмда Штерлиц аксар вақтини ёлғизликда, сигарет чекиб, қаҳва ичиб, деразадан ташқарига қараб хаёл суради.

Аммо 1963 йили СССРга қочиб ўтган Британия жосуси Ким Фильби, Штерлиц ҳақида, бунчалик кўп ўз фикр-хаёлларига берилган жосус кўп ўтмай ишидан ажралиши мумкинлигини айтган.

1991 йили КГБдаги ишини ташлаб Ленинград шаҳри ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаб юрган Владимир Путин илк бор телевизион ҳужжатли фильмда бундан олдин разведкачи бўлганини тан олган.

Бу ҳужжатли фильмда "Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси" сериалидан парчалар ҳам намойиш этилади.

Берлин кўчаларида машина ҳайдаб кетаётган Штирлиц ўрнини Санкт-Петербург кўчасида "Волга" ҳайдаб кетаётган Путин алмаштиради.

Путин машинасини ҳайдаб бораркан, кадр ортидан "Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси" мусиқаси ўйнаб турилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бу ҳужжатли фильмда Россиянинг бўлажак президенти "мамлакат яна тоталитаризмга қайтиши" хавфи мавжудлигидан огоҳлантиради.

Путин шундай дейди: "Лекин хавф ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ёки давлат хавфсизлик хизмати ёки полицияда эмас - ҳатто армияда ҳам эмас. Хавф бизнинг дунёқарашимизда. Биз ҳаммамиз, айрим пайтлар менинг ўзим ҳам шундай деб ўйлайман: агар бир темир қўл келиб тартиб-интизомни жойига қўйса, ҳаёт осонроқ, қулайроқ ва хавфсизроқ бўларди. Аслида эса бу қулайлигимиз узоққа чўзилмайди, кўп ўтмай темир қўл ҳаммамизнинг бўғзимиздан олади".

Орадан бир неча йил ўтиб, 1990 йиллардаги тартибсизликлар замонида чиндан ҳам кўп россияликлар қонун ва тартиб ишлашишини, ҳатто айримлар эса темир панжа қайтишини ҳам хоҳлаб қолган эди.

Омма фикрини ўрганиш натижаларига кўра, россияликлар кейинги президентнинг ёш, этник рус бўлишини, собиқ хавфсизлик хизмати ходими ва спиртли ичимлик ичмайдиган одам бўлишини хоҳлаб қолгандилар ўшанда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alamy
Image caption "Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси"да Штирлиц ролини машҳур рус актёри Вячеслав Тихонов ижро этган

"Либералларга бўлган ишончини йўқотган мамлакат ўз Штирлицини излай бошлаганди", деб ёзади "Экономист" журналининг Россия ва Шарқий Европа бўйича муҳаррири Аркадий Островский "Россия ишғоли" деб номланган китобида.

Бу китобда ёзилишича, 1999 йили "Коммерсант" рўзномаси сўров ўтказган ва россияликлардан кейинги президентнинг қайси фильм қаҳрамонига ўхшашини хоҳлашлари ҳақида сўраган. Урушдаги ҳарбий қўмондон Маршал Жуковдан кейин Штирлиц иккинчи қаҳрамон бўлган. Ҳафталик "Коммерсант" газетасининг муқовасида Штерлицнинг фотосурати берилган ва тагига "Президент-2000" деб ёзиб қўйилган эди.

Ва 2000 йил мартида вақтинча президент вазифасини бажариб келган Путин тўлақонли президентга айланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 2006 йил Германияга борганида Путин Дрезден шаҳридаги қаҳвахонага кирганди

Владимир Путиннинг бугунги эҳтиёжлари нимадан иборат эканини тушунишни истаган ҳар бир киши чорак аср олдин Шарқий Германиядаги драматик тунда Путин бошидан нималар ўтганини билиши лозим, деб ёзади Би-би-си мухбири Крис Боулби.

Элеонора Шашкова "Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси"да Штирлицнинг хотини ролини ўйнаган. Қизиғи, фильмда эр-хотин бирга бўлмайдилар. Фақат бир машҳур саҳна бор - аёлини Россиядан Берлинга олиб боришади ва у бир эркак билан бирга қаҳвахонага киради.

Штирлиц аллақачон қаҳвахонада ўтирар ва улар баъзан-баъзан бир-бирларига назар ташлайдилар.

Томошабинлар аввал Штирлицнинг кўзларини кўрадилар, кейин эса аёлининг нигоҳи. Бир неча дақиқадан кейин аёл ўрнидан туради ва оҳиста қаҳвахонадан чиқиб кетади.

2007 йили декабрида Элеонора Шашкова 70 ёшлик юбилейини нишонлади. Бу пайтда Путин Россияни аллақачон етти йилдан буён бошқарарди. Шашкова хонимга Совет киноси тарихида кўрилмаган махсус совға ҳадя қилишган. Бу Элеонорна Шашковага Россия Федерал Хавфсизлик хизматидан хорижий жосуснинг рафиқаси ролини ўйнагани учун миннатдорлик туҳфаси эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ