Лавров: "Трамп маъмурияти иш юритса бўладиган одамлар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Трамп ва Лавровнинг учрашуви Оқ Уйнинг овал идорасида журналистлар иштирокисиз ўтди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Вашингтонда Доналд Трамп билан ўтган учрашуви ортидан АҚШ Москва билан ўзаро манфаатли ва амалий муносабатларга эришишга уринишини билдирганини айтди.

Унинг таъкидлашича, Трамп билан учрашувда Украинадаги уруш туфайли АҚШ Россияга қарши киритган жазо чоралари муҳокама қилинмади, аммо айтишича, икки томон Афғонистон ва Украина шарқидаги вазият бўйича музокараларини давом эттирадилар.

"Бизнинг мулоқотимиз Обама маъмуриятига хос бўлган мафкуравийликдан ҳоли эди. Трамп маъмурияти, президентнинг ўзи ҳам, давлат котиби ҳам, яна бир бор амин бўлдимки, иш юритса бўладиган одамлар", - деди Лавров.

Трамп ва Лавровнинг учрашуви Оқ Уйнинг овал идорасида журналистлар иштирокисиз ўтди.

Бу Трамп 20 январда АҚШ президенти лавозимига ўтирганидан бери Россия маъмурияти вакили билан қилган илк юқори даражали учрашувидир.

Доналд Трампнинг ўзи Лавров билан учрашувини "жуда, жуда яхши" дея тасвирлади. "Биз Суриядаги қотилликларни тўхтатишга бел боғладик", -дея қўшимча қилди Трамп.

Оқ Уйнинг бироз ўтиб билдиришича, Трамп Лавровдан "Асад ва Эронни жиловлаш"ни сўраган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар