Ҳиндистонда "уч талоқ"нинг қонунийлиги кўриляпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Покистон ва Бангладеш каби кўплаб мусулмон мамлакатлар "уч талоқ"ни ман этишган, аммо бу тажриба Ҳиндистонда қўлланиб келиняпти.

Ҳиндистон Олий маҳкамаси Исломдаги зиддиятли талоқ тажрибаси устидан тушган бир неча шикоятларни кўриб чиқмоқда.

Суд "уч талоқ" дея ном олган тажриба Исломга мос ёки мос эмаслигини кўриб чиқишини билдирди.

Саноқли мамлакатлар, хусусан Ҳиндистонда мусулмон эркак "уч талоқ" деган сўзларни айтиши биланоқ бир неча сония ичида хотинидан ажрашиши мумкин.

Лекин, баъзи фаоллар бу тажриба одамларни камситишини айтишади.

Кўплаб мусулмон гуруҳлар маҳкаманинг уларнинг диний масалаларига аралашувини қоралашди.

Мазкур нозик масалани бешта турли динга эътиқод қилувчи беш ҳакам - ҳинду, насроний, сиҳ, зардушт ва мусулмон ҳакамлар кўриб чиқадилар.

Ҳакамлар ҳайъати бир неча мусулмон аёллар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан арзларни қабул қилиб олганлар.

Ҳиндистондаги 155 миллион мусулмон мамлакатдаги энг катта диний озчилик ҳисобланади. Улар орасидаги никоҳ ва ажрашувлар шариат асосида амалга оширилади.

Аммо, кўп йиллар давомида қўлланилганига қарамай, зудлик билан амалга оширилувчи "уч талоқ" ҳақида на шариат ё на Қуръонда бирон сўз бор.

Исломий уламоларнинг айтишларича, Қуръонда ажрашув масаласи аниқ кўрсатилган, яъни жуфтлик чуқур ўйлаб кўриши ва ярашишга имконият бўлиши учун ажрашув уч ой давомида амалга оширилиши керак.

Фаолларга кўра, Покистон ва Бангладеш каби кўплаб мусулмон мамлакатлар "уч талоқ"ни ман этишган, аммо бу тажриба Ҳиндистонда қўлланиб келиняпти.

Охирги йилларда Ҳиндистондаги кўплаб мусулмон эркаклар ҳатто телефон, СМС, скайп, ватсап ё фейсбук орқали хотинларини талоқ қилишган.

"Уч талоқ" тажрибаси норасмий кўп-хотинлилик урчиётган Марказий Осиёда ҳам қўлланилмоқда.

Хусусан, Россияда меҳнат қилаётган муҳожирларнинг Марказий Осиёдаги хотинларига телефон ёки СМС орқали "уч талоқ" эълон қилган ҳоллари қайд этилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар