Швейцария чегарачиси ўлик бола учун айбланмоқда

Швейцариянинг юқори даражали чегарачиси суриялик ҳомиладор аёлга тиббий ёрдам чақирмагани учун тергов қилинмоқда.

Суриялик оила 2014 йилда Швейцария-Франция чегарасидан қайтариб юборилган.

Чегара назорати ёнига келганида муҳожир аёлдан қон кетаётган бўлган, аммо унинг эрининг илтижоларига қарамай, чегарачи унга тиббий ёрдам чақирмаган.

Аёл ва эри сўнгра Италиядаги Домодоссола шаҳри касалхонасига поездда етиб боришган, аммо чақалоқ қизча ўлик туғилган.

Италиялик шифокорларга кўра, агар Швейцария чегарачилари ёрдам кўрсатганида, болани асраб қолиш мумкин бўларди.

Оила Милан-Париж поездида сафар қилаётган бўлишган, аммо Франциянинг Понтарлие шаҳрида тушириб олинганлар.

Швейцария чегара қўриқчилари уларни автобусга ўтқазиб, Швейцариянинг Италия билан чегарасидаги Бриг темир йўл бекатига олиб боришган. Бу узоқ сафар бўлгани айтилади.

Хабарларга кўра, 22 ёшли аёлдан автобусда сув кета бошлаган. Етти ойлик ҳомиладор аёл эри ва уч ёш боласи билан сафар қилаётган бўлган.

Мазкур оила ниҳоят Италияда сиёсий бошпана олганлар. Аксар суриялик муҳожирлар халқаро инсонпарварлик қонунларига кўра Европада бошпана олишга ҳақлилар.

Чегарачи зобитга қандай айблар илгари сурилиши ҳозирча ноаниқ. У ҳодиса юз берганида чегарадаги қўриқчига раҳбарлик қилган.

Айбловлар прокурорлар бола айнан қаерда ўлганини аниқлашларига боғлиқ бўлади.

Швейцария Чегара хизмати бу ҳодисадан кейин муҳожирларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини яхшилаганини билдирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар