Шимолий Корея Трамп билан музокаралар ўтказишга тайёр

Ким Чен ин Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty IMages

Шимолий Корея "шароитлар тенг бўлса" АҚШ билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини айтмоқда. Бу ҳақда мамлакатнинг юқори лавозимли мулозими журналистларга маълум қилган. Олдинроқ Трамп Ким Чен Ин билан учрашиш унга "шараф" эканлигини айтганди.

Бу ҳақда Жанубий Корея матбуоти хабар бермоқда.

Норвегияда Американинг собиқ юқори мулозимлари билан Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлигидан масъул Чио Сон Ҳуэй учрашган. Чио хоним учрашувдан сўнг Трамп маъмурияти билан музокаралар бўлиб ўтиши мумкинлигини айтган.

Шу ой бошида АҚШ Президенти Доналд Трамп Ким Чен Ин учрашиши унга "шараф" эканлигини маълум қилганди.

Учрашиш ҳақидаги гап-сўзлар Шимолий Корея баллистик ракеталари ва ядровий дастури атрофида вазият таранглашгандан бир ой ўтиб янграмоқда.

Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлигидаги Шимолий Америка ишлари бўйича масъул Чио Сон Ҳуэй Пекинда журналистларга Пхенян ва Вашингтон ўртасида иккитомонлама музокаралар масаласи кўриб чиқилишини айтган.

Би-би-сининг Кореядаги мухбири Стефен Иванснинг айтишича, Шимолий Корея АҚШ иштирокида ядро қуролларини чеклаш ёки воз кечиш масалаларига рози бўлиши ёки камида муҳокама қилишга тўғри келади.

Ядро музокараларида иштирок этган Чио хоним Ослодан Пхенянга қайтаётганда Пекинда тўхтаб журналистларга очиқлама берган.

Трамп яқинда Шимолий Корея инқирозини дипломатик йўллар билан ечишни исташини, аммо "йирик, жиддий можаро" эҳтимолдан ҳоли эмаслигини айтганди.

Шимолий Корея сўнгги ҳафталарда ракета синовлари дохил, бошқа ҳарбий машғулотлар ўтказди.

АҚШ бунга жавобан минтақага ҳарбий кемаларини юборди ва Жанубий Кореяда ракетага қарши мудофаа тизимини ўрнатди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ