Шимолий Корея яна баллистик ракета учирди

Шимолий Корея ўтган ой ҳарбий парадда яна бир қуролларини намойиш қилганди Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Шимолий Корея ўтган ой ҳарбий парадда яна бир қуролларини намойиш қилганди

Шимолий Корея яна бир бор баллистик ракета синовини ўтказган. Синов Жанубий Корея янги Президент лавозимига киришгандан бир кун ўтиб рўй бермоқда.

Япония матбуотининг ёзишича, Кусонгнинг шимолий-ғарбидан учирилган ракета 2000 километрлик баландликка етган.

КХДР билан алоқаларни тиклаш тарафдори бўлган Жанубий Кореянинг янги сайланган Президенти Мун Чже Ин ушбу ҳодисани "масъулиятсиз провакация", деб баҳолаган.

АҚШ Президенти Дональд Трамп Шимолий Кореяга нисбатан "кучлироқ санкция" қўллаш кераклигини айтиб чиққан. Хитой эса оғирроқ бўлишга чақирган.

Шимолий Корея БМТ томонидан тақиқланган ракеталар синовини давомли равишда ўтказиб келиши халқаро хавотирни кучайтирган ва АҚШ билан муносабатларни таранглаштирган.

Ўтган ой ўтказилган икки синов ҳам мувафаққиятсиз якунланганди. Ракеталар учирилгандан сўнг бр неча дақиқлар ичида портлаб кетган.

Янги турдаги ракеталарми?

Янги учирилган ракеталар тури ҳамон ўрганилмоқда, аммо таҳлилчилар бу сафарги ракеталар олдингиларидан узоқроқ масофага уча олишини айтишмоқда.

Япония Мудофаа вазирининг айтишича, ракета Япон денгизига қулашидан олдин ярим соат учган ва у янги турдаги ракета бўлиши мумкин.

Томоми Инаданинг таъкидлашича, ракета 700 чақирим масофага учиб борган ва 2000 километр баландликка кўтарилган. У Шимолий Корея томонидан феврал ойида синалган ракеталардан баландроқ масофага учган.

Reuters гаплашган экспертларнинг айтишича, ракетанинг бу баландликка учиши унинг баланд траектория бўйлаб учирилганини билдиради, яъни шу тарзда унинг узоқликка учиш масофаси қисқартирилган. Уларга кўра, агар ракеталар стандарт траектория бўйича учирилганида камида 4 минг чақирим масофага учиб бориши мумкин эди.

Американинг Тинч океани қўмондонлигининг айтишича, ракеталарнинг тури баҳоланган, бироқ у қитъалараро баллистик ракеталар талабларига жавоб бермаган. Бу талабга жавоб берса у 6 минг чақирим узоқликдаги АҚШ ерларига етиб бориши мумкин.

Шимолий Корея икки турдаги қитъалараро баллистик ракетлар ишлаб чиқарилаётганига ишонилади, бироқ уларнинг бирортаси ҳам ҳали синовдан ўтказилмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ