Хитой глобал савдо лойиҳасига $124 миллиард ётқизмоқчи

Хитой Президенти Си Цзинпин Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Хитой ҳукумати янги бандаргоҳлар, йўллар ва темир йўллар қурувчи иқтисодий амбициясига ўн миллиардлаб доллар сарфламоқчи. Хитой Президенти Си Цзинпин "Бир камар - бир йўл" лойиҳасига 124 миллиард доллар ажратишга ваъда берди.

"Иқтисодий ривожланиш учун савдо муҳим мотор вазифасини бажаради", - деган Си Цзинпин Пекинда ўтаётган саммитда.

Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев дохил 29 давлат раҳбари иштирок этмоқда.

Осиё, Африка ва Европа бўйлаб савдо алоқаларини кенгайтириш режаси илк бор 2013 йили янграган эди.

"Бир камар - бир йўл" лойиҳасига ҳамкор институтлар ва ривожланаётган давлатлар учун ёрдам сифатида 60 миллиард юан (9 миллиард доллар) ажратилаётгани ҳам катта ҳодиса сифатида баҳоланмоқда.

Президент Си Цзинпин ўз нутқида Ғарб дипломатларинга лойиҳани янги Ипак йўли деб таништирган ва у Хитойнинг дунёдаги таъсирини оширишга ҳаракат эмаслигига ишонтиришга уринган.

"Бир камар - бир йўл" лойиҳасини олдинга суриб биз душманлар ўртасида эски ўйинлар йўлини қайталамаймиз, балки ҳамкорлик ва ўзаро фойда учун янги модел яратамиз", деган у.

Си Цзинпин, ғоя Хитойники, аммо фойда ҳамманики, деб тушунтиришга ҳаракат қилган. Ушбу таклифни саммитда иштирок этган Россия ва Туркия Президентлари Путин ҳамда Эрдўғон ҳам қўллаб қувватлашган.

Хитойннинг қўшнилари Япония ва Ҳиндистон ушбу йирик режадан ўзларини тортишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар