Макрон Франция уйғониш даврини ваъда қилди

Олланд янги президентни алвон гилам устида кутиб олган Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Олланд янги президентни алвон гилам устида кутиб олган

Парижнинг Елисей саройида Франциянинг 39 ёшли Президенти Эммануэл Макроннинг инаугурация маросими бўлиб ўтди. Лавозимдан кетаётган раҳбар Франсуа Олланд ворисини сарой остонасига тўшалган алвон гилам устида кутиб олган.

Маросим бошланишидан олдин Макрон ва Олланд ёпиқ учрашув ўтказган. Унда Олланд янги раҳбарга "ядро чамадони" кодини берган. Франция дунёда ядро қуролига эга оз сонли мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Президент ваколатини топшириш маросими 65 дақиқа давом этган. Шундан сўнг собиқ раҳбарга айланган Франсуа Олланд Елисей саройини ўзининг шахсий ва одми Peugeot автомобилида тарк этган. Машина эшигигача у билан Макрон чиққан. Тўпланган одамлар собиқ Президентни олқишлар билан кузатиб қўйган.

"Франция буюк уйғониш бўсағасида турибди. Биз Франция тақдирини 10 йил олдинга белгилаб берувчи бир даврда яшамоқдамиз. Келгуси авлодларимиз яшайдиган дунёнинг қандай бўлдишини айнан биз белгилаб беришимиз керак", - деган янги Президент сарой олдида тўпланганларга қарата.

Ёш Президент Европа Иттифоқини кучайтириш ва ислоҳ қилиш тарафдори ҳисобланади.

"ЕИ янада демократик бўлиши керак, у мустақиллигимиз кафолатидир", - деган у.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02