WannaCry вирусининг янгилари тарқалди

Франкфурт вокзалидаги поездлар жадвали экрани Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images
Image caption Хакерларнинг товон пули тўлаш талаби ёзилган матн Франкфурт вокзалидаги поездлар жадвали экранида пайдо бўлган.

Компютер тизимини шикастлаб товон талаб қилаётган WannaCry вирусининг янги иккита тури 14 майдан тарқала бошлагани кузатилган.

Киберхуруж шиддати секинлашди, бироқ хавотир ҳамон сақланмоқда, демоқдалар расмийлар.

Дунёнинг 150 мамлакатида хакерлик ҳужумидан зарар кўрган компютерларнинг сони 200 мингдан ортиши мумкин деб тахмин қилинмоқда.

WannaCryга товламачи программа деб ном беришди.

Унинг дастлаб 11 май кунидан тарқала бошлангани хабар қилинмоқда.

12 май куни жаҳон бўйлаб ўн минглаб компютер фаолияти тўхтаб қолган.

WannaCry компютерга кириб олиб компютер ичидаги файлларни ўзгартириб қўяди, 300 долларлик товон пули тўлашни талаб қилади, товон пули тўланганидан кейин файлларни эгасига қайтариб беришни ваъда берган.

Хакерлар товон пулини Биткойнда тўлашни талаб қилганлар.

Биткойндан ноқонуний фойдаланиш амалларини кузатиб борадиган Elliptic Labs лабораторияси хабар қилишича, компютеридаги файлларни қайтариб олиш учун одамлар жами 50000 долларча тўлаганлар.

WannaCry 12 майдан буён Британия соғликни сақлаш тизими, Германиядаги Deutsche Bahn темир йўл ширкати, Испаниядаги Telefonica мобил алоқа ширкати, АҚШдаги FedEx юкларни етказиб бериш ширкати, Россия Ички ишлар вазирлиги, "Мегафон" мобил алоқа оператори ва "Сбербанк" компютер тизимларини издан чиқарган.

Глобал киберхуруж ортида ким турибди деган саволга ҳеч ким жавоб беролгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02