Трамп сирларни улашишга ҳақли эканини айтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи HO/AFP
Image caption Трамп ҳафта Оқ Уйда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашганди.

АҚШ Президенти Доналд Трамп Россия раҳбариятига давлат сирларини ошкор қилгани борасидаги айбловларга жавоб бера туриб, Россия билан маълумот улашиш ўзининг "мутлақ ҳуқуқи" эканини айтди.

Трамп Твиттер орқали шарҳ ёзиб, "терроризм ва ҳаво йўллари хавфсизлиги" борасидаги маълумотларни улашгани ва Россия ўзини Исломий Давлат дея атовчи гуруҳга қарши кўпроқ чора кўришини истаганини билдирди.

У ўтган ҳафта Оқ Уйда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашган.

АҚШ матбуотида ёзилишича, Трамп учинчи томон берган маълумотни Лавровга айтган, аммо учинчи томон бунга ўз розилигини бермаган бўлган.

Сешанба куни тонгида ёзган твитида Трамп: "Президент бўла туриб мен (Оқ Уйдаги очиқ белгиланган учрашувда) Россия билан терроризм ва ҳаво йўллари хавфсизлигига оид фактларни ўртоқлашдим ва мен бунга мутлақо ҳақлиман", - деди.

"Инсонпарварлик сабаблари (бор эди), ундан ташқари мен Россия ИД ва терроризмга қарши курашларини анча кучайтиришини истайман", дея қўшимча ёзди у.

Вашингтон Пост ёзган мақолада айтилишича, Трамп Исломий Давлатнинг самолётларга олиб чиқилган ноутбукларга боғлиқ фитнаси ҳақидаги ўта махфий маълумотни ошкор қилиб қўйган.

Трампнинг қилмиши ноқонуний эмас, чунки АҚШ президенти махфий маълумотни очиқлаш ваколатига эга.

Аммо, бу Демократларнинг кескин танқидига сабаб бўлди, ўз Республикачи партиядошлари эса ундан изоҳ талаб қилдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар