Ҳукм: 'Икки гей 85 даррадан урилсин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бесоқолбозликда айбланган эркаклар 23 май куни Банда Ачеҳда омма кўзи ўнгида дарраланади.

Индонезиянинг Ачеҳ вилоятидаги шариат маҳкамаси икки эркакни ўзаро жинсий алоқада бўлгани учун 85 мартадан дарралашга ҳукм этди.

Маҳкама жараёнида бу икковлон минтақадаги қатъий Исломий ахлоқ қоидаларини бузганликда айбдор, деб топилган.

20 ва 23 ёшлардаги икки йигитни ўтган март ойида кўнгиллилардан тузилган оломон бир тўшакда ушлаб олганди.

Бироқ айбдорларнинг шахси ҳамон сир тутилмоқда.

Дунёнинг энг кўп мусулмон аҳолисига эга бўлган Индонезияда бесоқолбоз жинсий алоқа жиноят эмас.

Аммо Ачеҳ вилояти истисто. Бу ерда Шариат қонунлари ишлайди.

Бесоқолбозлик учун 100 дарра белгиланган, лекин ҳакам 85 даррадан жазо тайинлади.

Шу пайтгача фақат қиморбозлик билан шуғулланган ва спиртли ичимлик истеъмол қилганлар омма олдида дарраланган.

Сўнгги йиллари Ачеҳда Ислом анъаналарга амал қилиш кучаймоқда.

Бесоқолбозликни тақиқловчи қонун ҳам 2014 йили қабул қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Икковлон бирга ушлаб олинганидан бери ҳибсда қолмоқда

Ҳакам Хайрул Жамалнинг таъкидлашича, икки айбланувчининг жимо устида қўлга олингани инкор этиб бўлмайдиган даражада далилланган.

Ҳукм ўқилганда айбланувчилар қўллари ва кўйлаклари билан юзларини беркитишган.

Айни маҳкама ва ҳукм инсон ҳуқуқлари фаоллари тарафидан танқид қилинмоқда.

"Бу билан бесоқолбозлик жиноятга тенглаштирилмоқда ва инсон ҳуқуқларини бузаётган Индонезия орқага қараб кетмоқда" - деган Гей ва Лесбиянлар ҳуқуқлари фаоли Деде Оетомо.

Икки айбланувчини озод этиш талаби билан чиққан Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, бутун Индонезия бўйлаб гейлар чуқур қўрқувга тушганлар.

Икки эркак 23 май Банда Ачеҳ шаҳри марказида дарраланади.

Уларни ушлаб олган кўнгилли гуруҳ икковлонни уриб, калтаклашган ва бутун жараённи тасвирга туширган.

Мазкур видеотасвирлар бутун Индонезия бўйлаб тарқатилган.

Фаолларга кўра, айни амал ортидан мамлакат бўйлаб гейларга қарши нафрат кучайган.

Бундан 10 йилча бурун Ачеҳга махсус мақом берилган ва вилоят шариат қонунларини жорий этишни бошлаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ