"Трамп Комидан Россия бўйича терговни тўхтатишни сўраган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Бир ҳафта аввал Трамп Комини гўёки Ҳиллари Клинтон имейллари борасидаги терговни кўнгилдагидек олиб бормагани учун ишдан бўшатди.

Президент Доналд Трамп Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) раҳбари Жеймс Комидан ўзининг собиқ хавфсизлик маслаҳатчиси ва Россия ўртасидаги алоқалар борасида очилган терговни тўхтатишни сўраган. Бу ҳақида АҚШ матбуоти хабар тарқатди.

Даъво қилинишича, Трамп февралда Оқ Уйда бўлиб ўтган учрашувда Комига "Умид қиламанки, буни тўхтатасиз", деб айтган. Буни Коми учрашув ортидан дарҳол дафтарига ёзиб олган.

Матбуотга кўра, учрашув Хавфсизлик бўйича президент маслаҳатчиси Майкл Флинн истеъфога чиқишининг эртасига бўлиб ўтган.

Оқ Уй баёнот чиқариб, бу хабарни рад қилди.

"Президент жаноб Коми ёки бошқа одамдан ҳеч қандай терговни, жумладан Генерал Флинн устидан терговни тўхтатишни сўрамаган", дейилади баёнотда.

Нуфузли Республикачи конгресмен Жейсон Чаффец ФБҚдан бу хабарга тегишли барча ҳужжатларни бир ҳафта ичида унга топширишни сўради.

Флинн Трамп президентликка сайланишидан аввал Россия элчиси билан учрашганини яширгани фош бўлиши ортидан истеъфога чиққанди.

Бир ҳафта аввал эса Трамп Комини гўёки Ҳиллари Клинтон имейллари борасидаги терговни кўнгилдагидек олиб бормагани учун ишдан бўшатди.

Комининг ишдан олиниши Вашингтонни ларзага солди. Кўп танқидчилар Трампни ФБҚнинг Трамп ёрдамчилари ва Россия ўртасидаги алоқалар бўйича очилган терговни издан чиқаришга уринишда айбламоқдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар