Европадан АҚШга парвозда ноутбук тақиқланмайди

Aeroprtda foydalanilfyotgan noutbuk Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШ ва Европа Иттифоқи расмийлари Европадан Америкага учаётган учоқлар бортига ноутбук ва планшетларни олиб чиқишга тақиқни кенгайтирмасликка қарор қилганлар.

Бироқ Брюсселда бўлиб ўтган авиация хавфсизлигига бағишланган тўрт соатлик учрашувдан кейин расмийларнинг айтишларича, ҳали ҳам бошқача йўллар кўриб чиқилмоқда.

АҚШ расмийлари бундан олдин саккизта мусулмон мамлакатдан парвоз қиладиган самолётлар бортига электрон жиҳозларни олиб чиқишни тақиқлашган ва худди шундай тақиқни Европадан парвозларга ҳам қўллашни истаган эдилар.

Ушбу тақиқ сабаби, ноутбук ёки планшет ичига бомба яширилиши эҳтимоли мавжудлигидадир.

Брюсселдаги учрашув Европа Иттифоқи расмийлари талаби билан уюштирилган, бунга АҚШ расмийларида ноутбукларнинг эҳтиёт қисмларини портловчи моддага айлантириш борасида янги маълумот бор деган хабарлар тарқалгани сабаб бўлган.

Бу маълумот тафсилоти жамоатчиликка ошкор этилгани йўқ.

Европа Иттифоқидаги манба Брюсселдаги учрашувни ҳаётий аҳамиятга эга учрашув деб таърифлаган.

2017 йил март ойида АҚШ Туркия, Марокаш, Иордания, Миср, Бирлашган Араб амирликлари, Қатар, Саудия Арабистони ва Қувайтдан учиб келаётган самолёт бортига "смартфондан катта жиҳоз"ларнинг олиб чиқилишини тақиқлаган эди.

Британия ҳам олти мамлакатдан парвозларга худди шундай чеклов жорий этди.

Булар Туркия, Иордания, Миср, Саудия Арабистони, Ливан ва Тунисдир.

Британия Учувчилари ассоциациясидан Стив Ланделснинг айтишича, батареяси литий материалидан ясалган айрим ноутбукларнинг самолёт бортида ўт олиб кетиш хавфи бор ва икки марта шундай ҳодиса рўй берган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар