Таймс-скверда автомобил оломонга урилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Нью-Йорк полициясига кўра, автомобил ҳайдовчиси ушланган.

Нью-Йорк марказидаги Таймс-Скверда автомобилнинг катта тезликда одамлар билан гавжум йўлакка урилиши натижасида бир аёл ҳалок бўлган, 22 киши жароҳатланган.

Бу ҳақда Нью-Йорк мэри Билл де Блазио матбуот анжуманида маълум қилган.

Аввалроқ полиция ҳайдовчининг ушланганини айтганди.

Нью-Йорк мэрининг сўзларига кўра, қўлга олинган ҳайдовчи 26 ёшли АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг собиқ аскаридир.

У ҳозирда ҳибсда сақланмоқда.

"Бу террорчилик ҳодисаси бўлганига доир ҳеч қандай аломат йўқ", - деб айтган Нью-Йорк шаҳар мэри.

Аввалроқ Ёнғиндан сақлаш хизмати 13 кишининг шифохонага ётқизилганини айтганди.

Ижтимоий тармоқларда яраланганларни замбилда олиб кетилаётгани акс этган суратлар чоп этилган.

Нью-Йорк шаҳар ёнғиндан сақлаш хизмати бир инсоннинг ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

Полиция Нью-Йоркнинг сайёҳлар орасида машҳур ҳиёбонларидан бўлган Таймс-сквер атрофидаги ҳудудни ёпиб қўйган.

Полициядаги манбаъларнинг айтишича, ҳайдовчи автомобил воситасини бошқаролмай қолган бўлиши мумкин.

Си-би-эс телекомпанияси эса полициядаги манбаъларга таяниб, ҳодиса террорчилик билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатган.

Телекомпнаия маълумотларига кўра, одамларга "Хонда" седан бориб урилган.

Си-би-эс манбаъларига кўра, ҳайдовчи маст ёки наркотик моддалар таъсири остида бўлган бўлиши мумкин.

Рейтер агентлигининг манбаъларига кўра, маҳаллий полиция бошлаган терговга Федерал қидирув бюроси ҳам жалб этилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.