Эронда Президент сайлови ўтмоқда

Эрон руҳоний раҳбари Оятулло Али Хоманаи душманлар олдида сайловда фаол иштирок этишга чақирган Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP / IRANIAN SUPREME LEADER'S WEBSITE
Image caption Эрон руҳоний раҳбари Оятулло Али Хоманаи душманлар олдида сайловда фаол иштирок этишга чақирган

Эронда Президент сайлови бўлиб ўтмоқда. Унда Эронннинг амалдаги раҳбари Ҳасан Руҳоний иккинчи муддатга сайланиш учун кураш олиб боради. Мўътадил анъанадор қарашга эга 68 ёшли Руҳонийга яна уч номзод қаршилик қилади. Руҳоний 2015 йилда йирик давлатлар билан тарихий ядро келишуви имзолагани билан машҳур.

Руҳонийга 56 ёшли анъанадор Иброҳим Раиси асосий рақиб бўлиши кутилмоқда. У Эрон руҳоний раҳбари Оятулло Али Хоманаи томонидан катта дастакка эга.

Номзодларнинг бирортаси ҳам 50 фоиз овоздан кўпроқ тўплай олмаса, кейинги ҳафтада иккинчи босқич сайлов бўлиб ўтади.

Эронда 1985 йилдан бошлаб амалдаги ҳар бир Президент иккинчи муддатга сайланиб келган. Оятулло Али Хоманаи ҳам иккин муддатга сайланганди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда 63500 сайлов участкаси очилган. Улар маҳаллий вақт билан 18:00 да ёпилиши керак. Аммо сайловчиларнинг кўплиги сабаб олдин участкалар тез-тез кечроқ ёпилган ҳолатлар бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Президент Ҳасан Руҳоний Эршад масжидида очилган сайлов участкасида овоз берган

Дастлабки натижалар якшанба куни эълон қилинади.

Конституция қўриқчилари кенгаши сайловда иштирок этиш учун 6 номзодни рўйхатдан ўтказган. Аммо улардан иккитаси - Теҳрон ҳокими ва вице-президентлар шу ҳафта бошида сайловдан чиқиб кетган.

Яна икки номзод, ислоҳот тарафдори Мустофа Ҳошимий Таба ва ўта анъанадор Мустофа Мирсалим сайловда иштирок этмоқда.

Сайловолди кампаниясининг сўнгги куни чоршанбада Эрон руҳоний раҳбари Оятулло Али Хоманаи сайловда фаол иштирок этишга ва шу тарзда Ислом режимининг оммавийлигини кўрсатишга чақирган.

"Америка, Европа амалдорлари ва сионист режими вакиллари қатнашчилар даражасини кўриш учун биздаги сайловни кузатиб боришмоқда. Эрон халқининг душманлари бор. Душман олдида халқимиз қарорли ва ҳотиржам эканлигини кўрсатиши керак", - деган у.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ