Хитойда Америка жосуслар тармоғи йўқ қилинган

Эмблема Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Бу сўнгги бир неча ўн йил ичида энг катта мағлубият эканлиги айтилмоқда

New York Timesнинг ёзишича, сўнгги икки йил ичида Хитойда АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси (МРБ)нинг 20 га яқин айғоқчиси ўлдирилган ёки қамоққа ташланган. Тозалашлар Хитойда жосуслик амалиётларини олиб боришга катта зарба берган. Жосуслардан бири ҳамкасбларининг кўз ўнгида отиб ташланган.Бу ҳақда нашрга махсус хизматларнинг собиқ ходимлари маълумот берган. Журналистлар бу каби 4 манба билан гаплашган.

Уларнинг айтишича, бу сўнгги бир неча ўн йиллик ичидаги энг жиддий муваффақиятсизликдир. Улар ушбу ҳодисани МРБ ходими Олдрич Эймс ва Федерал тергов бюросидан (ФТБ) Роберт Ханссенларнинг сотқинлиги билан тенглашган.

МРБдагиларнинг айтишича, Хитой ҳукумати аппаратидан келувчи маълумотлар оқими 2010 йилда тўхтаб қолган.

Агентлар 2011 йилнинг бошида йўқола бошлаган. Уларнинг камида биттаси давлат идораси ҳовлисида, ҳамкасбларининг кўз ўнгида отиб ташланган.

Жосусларнинг фош бўлишига хитойликларнинг МРБ алоқа тизимини бузишга муваффақ бўлгани бир сабаб қилиб келтирилмоқда. Бошқа бир тахминга кўра, 2010 йили Хитой контрразведкаси томонидан киритилган айғоқчи сабаб фош қилинган бўлиши мумкин.

Ушбу ҳодисани текшириш билан МРБ ва ФТБ вакилларидан ташкил топган махсус гуруҳ шуғулланган. Нашр манбаларидан бирининг айтишича, амалиёт "Honey Badger" (асалхўр) деб номланган.

Суриштирув ишлари МРБнинг собиқ ходимларидан бирига бориб тақалган. Бироқ унга нисбатан етарли далиллар топилмаган. Унинг ҳозир Осиё давлатларидан бирида яшаётгани айтилмоқда.

"Ташвишлантирадиган нарсалардан бири шуки, у ерда нима содир бўлганини биз ҳозир ҳам билмаймиз", - дейди Би-би-си билан суҳбатда New York Timesда чиққан мақола муаллифларидан бири Мэтт Алуццо.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.