КХДРнинг янги ракетаси 500 чақирим учди

Ракета Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Жанубий Корея армияси бош штабининг маълум қилишича, Шимолий Корея якшанба куни яна бир бор ракета синовини амалга оширган. Рёнхал хабар агентлигининг хабар беришича, ракета 500 чақирим масофага учиб борган ва Япон денгизига қулаган. Ўтган ҳафта учирилган ракета 700 чақирим учган эди.

Япония ахборот агентликларининг ёзишича, ракета снарядлари Япония иқтисодий ҳудуди чегарасига қулаган. Яъни Япониянинг сувдаги чегарасига яқин масофага тушган.

Янги сайланган Президент Мун Чжэ Ин зудлик билан Жанубий Корея хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақирган.

Жанубий Корея матбуотининг хабар беришича, ракета КХДРнинг марказидаги Пхёнан-Намдо вилояти Пукчхан туманидан учирилган. Бир сафар ушбу ҳудуддан учирилган ракета ҳавога кўтарилиши билан портлаб кетган эди.

Шимолий Корея ўтган ҳафта бошқа бир ракетани синовдан ўтказган эди. Пхеняндагиларнинг таъкидлашича, у ядро бомбаларни олиб учиш имкониятига эга.

БМТнинг Хавфсизлик кенгаши 15 май куни Пхенянни бундан кейинги ракета учиришлардан огоҳлантирганди.

"Шимолий Корея зудлик билан ядро қуролидан воз кечаётганини аниқ ҳаракатлар билан намоён қилиши шартдир", - дейилган ташкилот резолюциясида.

Шимолий Кореянинг ЦТАК расмий агентлиги 21 май куни мамлакат "АҚШга зарба бера оладиган" ракеталарни учиришда давом этишини маълум қилган.

Айни дамда Шимолий Корея БМТнинг санкцияларига муносабатини билдириб, 5 марта ядро синовини амалга оширган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ