Россия учувчисини ўлдирган турк жангариси қамалди

Россия пилотининг ўлдирилиши икки давлат ўртасида таранглик келтириб чиқарганди Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Россия пилотининг ўлдирилиши икки давлат ўртасида таранглик келтириб чиқарганди

Россия ҳарбий учоғи пилотини ўлдирганини тан олган Туркиялик жангари 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Измир шаҳри маҳкамаси Туркия фуқароси Алпарслан Челикни ноқонуний равишда қуролга эгалик қилиш айби билан 5 йилга ҳукм қилган. Олдинроқ у россиялимк учувчи Олег Пешков ўлимига масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

"Суд Челикнинг Россия пилоти Пешковнинг ўлимига алоқадор ишни кўриб чиқмади. У бўйича тергов давом этмоқда", - деган Челикнинг адвокати Мурат Устундағ РИА Новости агентлигига.

Челик ва яна 18 нафар судланувчи ноқонуний равишда қурол сақлашликда ва олиб юришликда айбланган.

Уларни ўтган йилнинг 31 мартида ресторанларнинг бирида қўлга олишганди. Улардан автомат ва патронли иккита тўппонча олинган.

Россия матбуоти Челикни Туркиянинг "Кўк бўрилар" миллий радикал ташкилоти етакчиларидан бири деб таништирган. У уриб туширилган СУ-24 учоғи пилоти Олег Пешковни парашют билан тушаётган маҳал отганини айтган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption 2015 декабрда уриб туширилган учоқнинг "қора қутиси" Путинга кўрсатилмоқда

Суриядаги ҳарбий амалиётларда қатнашаётган Россия Ҳаво-космик кучлари учоғи Туркия-Сурия чегарасида 2015 йил 24 ноябрда турк қирувчиси томонидан уриб туширилганди. Командир Олег Пешков ҳалок бўлганди, штурман қутқарилган.

Ҳибсга олинган сўнг Челик Россия пилотини ўлдирмаганини ва шерикларига катапульта давомида Пешковга қарат ўқ узмаслик кераклигини буюрганини маълум қилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ