Туркияда оммавий суд бошланди

Маҳкамага олиб келинаётган айбланувчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

2016 йил ёзида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғонни ҳокимиятдан ағдаришни мақсад қилган давлат тўнтариши ташкилотчилари деб айтилаётган 220 дан ортиқ шахс устидан Анқара яқинида маҳкама жараёни бошланган.

Гумонланаётганлар орасида йигирма олти собиқ генерал ҳам бор.

Туркия ҳукумати ўтган йил 15 июлдаги давлат тўнтаришининг асосий ташкилотчилигида АҚШда яшайдиган руҳоний Фатҳуллоҳ Гуленни айблайди.

Ҳукумат давлат тўнтаришига уриниш ортидан фавқулодда вазият эълон қилган, давлат тўнтариши дастакловчилари деб кўрилган инсонларни қидириш бошланган.

Шу пайтгача мамлакат тарихида кўрилмаган рейдлар, ишидан бўшатиш ва ҳибслар амалга оширилган.

Гулен ҳаракатига алоқадор деб кўрилган 47000 киши ҳибсга олинган.

Давлат тўнтаришига алоқадорлик айблови билан маҳкамалар 2017 йил февралидан бошланган.

Сўнгги суд жараёни Анқара яқинида бошланган, бу маҳкама учун атайин йирик суд биноси қурилган.

Бу бинодаги маҳкама залига 1558 киши сиғади.

Суд атрофида қаттиқ хавфсизлик чоралари кўрилган, ҳавода дронлар парвоз қилиб юрган, биноларнинг томларига мерганлар жойлаштирилган.

Қўллари кишанланган айбланаётган шахсларни олиб ўтишаётган пайтда йигирматача намойишчи йиғилган.

Улар давлат тўнтаришига уриниш кечаси ҳалок бўлган инсонларнинг яқинлари бўлганлар.

Туркия байроқларини кўтариб олган намойишчилар гумондорларга ўлим жазоси тайинланишини талаб қилганлар.

Бироқ Туркияда ўлим жазоси бекор қилинган.

Ўтган йили 15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси 248 инсон ҳалок бўлган, дейди Туркия ҳукумати.

Ҳукумат ўша тунда ҳалок бўлган 24 давлат тўнтариши иштирокчисини қурбонлар сонига қўшмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ