5 долларлик қуёш чироғи савдога чиқди

SM100 solar lamp Фото муаллифлик ҳуқуқи Inventid

Британиядаги дизайн ширкати Хитойдаги йирик завод билан "дунёдаги энг арзон" қуёш нуридан қувват оладиган чироқни ишлаб чиқаришга киришган.

Манчестер шаҳрида жойлашган Inventid фирмаси дизайнлаштирган SM100 деб ном олган қуёш чироғи Африка мамлакатларида 5 АҚШ долларидан савдога чиқарилади.

Бу чироқ Хитойнинг Yingli заводи ва "Solar Aid" деб ном олган хайрия ташкилоти билан ҳамкорликда ихтиро қилинди.

Катталиги бир инсоннинг қўлига жой бўладиган чироқ қуёшдан бир марта тўла заряд олганидан кейин саккиз соат давомида ёруғлик тарқатиб туради.

Қуёш чироқни тик турадиган қилиб қўйиш мумкин, қўлга ёкиш велосипедга боғлаб ҳам олиш мумкин.

Ишлаб чиқаришни бошлашдан олдин SM100 чироғини Африканинг Малавий, Уганда ва Замбия давлатларида 9000 оилада синовдан ўтказиб кўришган.

Ҳозирга келиб ўша мамлакатларда чироқ савдоси бошланган.

Африкада 600 миллион одам электр энергияси йўқ жойларда истиқомат қилишади.

Керосин чироқлар бу одамлар учун ягона ёруғлик манбаси бўлиб хизмат қилади.

Бироқ керосиннинг нархи ҳам қиммат ва бундай чироқларнинг ҳар қайси сонияда ёнғин келтириб чиқариш таҳдиди сақланиб туради.

"Керосин оилаларни ҳаддан зиёд қашшоқлик занжирида ушлаб турган нарса, чунки бир оила ўзининг бир ойлик даромадининг чорак қисмини ёқилғига сарфлашга мажбур", дейди Inventid фирмаси муассисларидан бири Ҳенри Жеймс.

"Бу занжирни узиб ташлаш мақсадида биз Британиянинг етакчи қуёш батареяларини хайрия қиладиган ташкилот - "Solar Aid" билан ҳамкорликда камбағал оилаларнинг ҳам сотиб олишга қурби етадиган чироқни ихтиро қилдик. Бу Африкада чироқни 5 долларга савдога чиқариш мумкинлигини англатади", дейди Ҳенри Жеймс.

2012 йили Inventid ширкатини ташкил қилган Ҳенри Жеймс ва Брин Морган чироқни ихтиро қилиш учун Африкада фаолият юритадиган хайрия ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Inventid
Image caption Чироқ қуёшдан бир марта тўла заряд олганидан кейин саккиз соат давомида ёруғлик тарқатиб туради.

"Биз оилаларнинг кундалик юмушлари, яшайдиган жойларининг тузилиши ва атроф-муҳит шароитини ўргандик. Биз инсонларнинг шахсий тажрибалари, фикр ва ғояларидан илҳомланиб биргаликда Африка учун қуёш чироқ ўйлаб топдик", дейди жаноб Жеймс.

"Биз бир йиллик даромади атиги 350 долларни ташкил этадиган одамлар ҳақида гапирмоқдамиз", дейди у.

"Агар одамлар бу чироқни ўз ҳаётларига татбиқ этсалар, ўзларининг кундалик турмушининг бир қисмига айлантирсалар, жуда тўғри бўлади", деди Ҳенри Жеймс.

Сал олдинроқ SM100 чироғи European Product Design Awards танловининг "Жамият учун дизайн ва мустаҳкамлик учун дизайн" деб номланган категориясида кумуш мукофот билан тақдирланди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас