Яна ИШИД, Европага нима бўлди?

ИШИД Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Англиянинг Манчестеридаги ҳужумга ҳам масъулиятни Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиқди.

Гуруҳнинг бу хусусдаги баёнотида айтилишича, 20 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган, яна ўнлабини яралаган ҳужумни ўз тарафдорларидан бири амалга оширган.

Таҳлилчи билан суҳбатимиз тафсилотлари видеолавҳамизда.

Жорий паллада британ полицияси ҳужумнинг бир шахс томонидан уюштирилгани, унинг ўзи ҳаракатга келтирган портловчи ускуна билан бирга портлаб кетганини гумон қилмоқда.

Бундан аввал Ницца, Берлин, Истанбул, Лондон ва Стокгольм ҳам "террорчилик" амалларига саҳна бўлган.

Улардан аксариятига масъулиятни Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққанди.

Шундай экан, буларнинг барчаси нималарга далолат қилади? Европа бугун ИШИД таҳдидига қанчалик тайёр?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шундай саволлар билан Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерсга мурожаат қилди:

Пол Рожерс: Европа ИШИД таҳдидига қарши қўлидан келганча тайёр. Аммо ИШИД, ўз таъбирича, урушини олисдаги душманининг "уйига" элтиш аҳдида қатъий. Бунга 2014 йилда халқаро ҳарбий коалиция бошлаган шиддатли ҳаво ҳужумлари сабаб. Шу боис ҳам қарийб уч йилдан буён ИШИД худди шунинг пайига тушиб қолган.

Би-би-си: ИШИД ўз ҳужумлари билан нима демоқчи, нимага эришмоқчи?

Пол Рожерс: Бу каби ҳужумлари билан ИШИД, менимча, уч мақсадни кўзлаган. Биринчидан, ўзини ҳануз қудратли, деб кўрсатмоқчи. Иккинчидан, АҚШ, Британия ва Франция томонидан уюштирилаётган ҳаво ҳужумлари учун қасос олмоқчи. Чунки, айрим ҳисоб-китобларга кўра, бу ҳужумларда гуруҳ аллақачон 50 мингга яқин одамини бой берган. Учинчидан, улар ўз ҳужумлари билан, дейлик, Франция ва Британиядаги жамоалар орасига рахна солмоқчи. Исломофобия туйғусини кучайтирмоқчи. Чунки бу, уларнинг наздларида, жамиятнинг янада парчаланишига олиб келади. Натижада, ўзларининг сафларига қўшилишга тайёр норози, ғазабнок ёшлар қатлами вужудга келади.

Би-би-си: Шундай экан, бу каби таҳдид қаршисида Европанинг қўлидан нима келади? Нима қилмоқ керак бўлади?

Пол Рожерс: Худди шу боис ҳам, бу каби таҳдид остида қолаётган мамлакатлар бир ёқадан бош чиқариб, жамоаларнинг имкон қадар баҳамжиҳатликларини таъминлаш йўлида иш олиб боришлари керак. Бошқа томондан, халқаро хавфсизлик, ИШИД ва "ал-Қоида"га ўхшаш жангари гуруҳлар билан боғлиқ бутунбошли муаммога ёндашув қайта кўриб чиқилиши керак, назаримда. Чунки шу пайтгача қўллаб келинган чоралар иш бермаяпти. Биз бу каби гуруҳларнинг қандай қилиб дастакка эга бўлишаётгани тагига етишимиз керак. Бу осон иш бўлмайди. Аммо бу қилиниши шарт бўлган ишдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.