АҚШ қамоқхонасидаги ўзбек нозирни пичоқлаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption 34 ёшли Фазлиддин Қурбонов "ҳеч қачон террорчи бўлмагани"ни айтган.

Америка Қўшма Штатларида террорчилик айби билан 25 йиллик жазо муддатини ўтаётган ўзбекистонлик муҳожир Фазлиддин Қурбонов қамоқхона нозирини пичоқлаган.

АҚШ матбуотининг ёзишича, ўтган ой Калифорния Федерал қамохонасида юз берган ҳодисада нозир Калвин Жонсон жиддий жароҳатланган.

34 ёшли Фазлиддин Қурбонов чоршанба куни АҚШ федерал зобитини ўлдиришга қасд қилиш айби билан маҳкамага чиқарилган.

Қурбонов ўтган йили хорижий террорчи ташкилотга молиявий ёрдам беришга уринишда айбланиб, маҳкум қилинганди.

2016 йил январидаги маҳкамада Қурбонов "ҳеч қачон террорчи бўлмагани"ни айтган.

2009 йилда АҚШга келган ва юк машинаси ҳайдаган Фазлиддин Қурбонов 2013 йилнинг 16 майида Бойсе шаҳридаги уйида ҳибсга олинганди.

Унинг устидан илк маҳкама ўтган йил июл ойида ўтказилган, Фазлиддин Қурбонов ўзига нисбатан илгари сурилган уч бандли айбловни тан олмаган.

Федерал прокурорлар Қурбонов устидан маҳкамани бир йилдан кейин бошлашни сўрашган, бунинг сабабини жиноят ишининг "ўта чалкаш" экани билан изоҳлашган.

Айдахо штатида Ўзбекистон фуқаросига террорчиларга ва хорижий террорчилик ташкилоти деб тан олинган Ўзбекистон Исломий ҳаракатига моддий кўмак бериш учун тил бириктириш, портловчи моддага эгалик қилиш айбловлари қўйилган.

Юта штатида эса унга портловчи модда ясашни ўргатиш айблови қўйилган.

Ҳозирга келиб Фазлиддин Қурбоновга нисбатан терроризм билан боғлиқ беш банд бўйича айблов илгари сурилган.

Фазлиддин Қурбоновнинг 2013 йил январ ойида қандай қилиб портловчи модда ясаш, керакли ашёларни қаердан сотиб олиш бобида йўл-йўриқ кўрсатгани, интернетдан махсус видеолавҳаларни топиб, намойиш этгани айтилган.

Айдахо штати Қочқинлар идорасига кўра, Фазлиддин Қурбонов 2009 йил августида қочқин мақомини олганидан кейин Бойсе шаҳрида ўрнашган.

Расмийлар унинг АҚШда қонуний яшаганини айтишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02