"Ждун" нега русийзабон интернетда машҳур бўлди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи MARGRIETVANBREEVOORT.NL
Image caption Ждун кутмоқда...

Голландиялик рассом Маргрит ван Брифортнинг ҳайкали ҳақида унинг ўз ватандошларидан кўра, Россия ва Украина халқи яхшироқ билади. Бу сиймо интернет фойдаланувчилари орасида жуда тез танилди ва Ждун (Муштоқ) дея ном олди.

Би-би-си билан суҳбатда ёш рассом ўзига келиб тушаётган кутилмаган таклифлар, мисол учун, Украинанинг Днепр шаҳри ҳокимияти таклифи ҳақида сўзлаб берди.

У билан Би-би-си рус хизмати мухбири Ольга Ившина суҳбатлашди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MARGRIET ANTJE
Image caption Маргрит ван Брифорт Россияга бориб, нега ҳайкали машҳур бўлганини билишни истайди.

Би-би-си: Сизнинг ҳайкалингиз русийзабон интернетда жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Лекин, ўзингиз ҳақида деярли ҳеч нарса билмаймиз...

Маргрит ван Брифорт: Мен рассомчиликни энди-энди бошладим. Яқинда таълимни тамомладим ва энди ўзимни ҳайкалтарош деб атай оламан. Асосан ҳайкалтарошлик билан шуғулланаман. Рассомчилик билим юртида ўқиётганимда расм ҳам чизардим. Кейин менга кўпроқ ҳайкалтарошлик ёқиб тушди. Ҳайкалтарошликнинг менга ёқадиган томони шуки, расмга қараганда, унинг кўлами каттароқ. Мен ижод қилишни яхши кўраман. Шу йўл билан пул топишга, асарларимни сотишга уриняпман.

Би-би-си: Сизнинг ҳайкалларингиз Россия ва Украинадагидек танилганми?

Маргрит ван Брифорт: Қозоғистонда ҳам жуда қизиқишаётганини ўқиб қолдим. Бошқа мамлакатларда унчалик шов-шув бўлмади. Бу ҳайкалимни 2016 йил баҳорида яратгандим. Лекин, унда ҳеч ким катта қизиқиш кўрсатмади. 2017 йил қишида эса Лейденга россиялик бир аёл келди. У ҳайкалимни суратга олиб, қандайдир сайтга қўйган экан. Менимча, унинг оти Pikabu. Шунда қизиқиш жуда ошиб кетди.

Би-би-си: Буни сиз қандай билдингиз?

Фото муаллифлик ҳуқуқи FACEBOOK/DIANA SPRENGER
Image caption Ждуннинг машҳур санъат асарларига қўйилгани муаллифга жуда ёққан.

Маргрит ван Брифорт: Кутилмаганда. Инстаграмдаги саҳифамга жуда кўп россияликлар аъзо бўла бошладилар. Аввалига тушунмадим ва унча эътибор бермадим. Кейин эса россиялик аъзоларимнинг сони голландиялик аъзоларим сонидан ошиб кетди. Бу жуда қизиқ эди. Сабабини билишга уриниб Google орқали изланишлар қилдим. Ўзимнинг ҳайкалим ҳақида рус тилида ёзилган хабарларни ўқиб, таржима қилишга уриндим. Сўнг эса Pikabu сайтидаги сурат муаллифи бўлган аёл менга хат ёзиб, гап нимадалигини тушунтириб берди. Ҳайкалимга ҳатто Ждун деб от беришганини ўқидим. Бу исмни талаффуз қилиш мен учун қийин, лекин у менга жуда ёқади.

Би-би-си: Бу каби қизиқиш сизни ҳайрон қилдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи @n_troitskaya
Image caption Ждун ҳатто ўзбек миллиардери Алишер Усмоновнинг ёнида ҳам "пайдо бўлди".

Маргрит ван Брифорт: Ҳа, бу жуда кутилмаган эди. Фейсбук саҳифамга жуда кўп хатлар келади, одамлар ҳайкалим уларга жуда ёққанини ёзишади, журналистлар ёзишади, кулгили суратлар оламан. Бу сизларда мем деб аталар экан. Ўқиб кўрсам, сизда Россия ва Украинада одамларнинг навбатда кутиш тажрибаси жуда бой экан. Шунинг учун уларга Ждуннинг образи яқин туюлган. Лекин, ўзим ҳеч қачон Россияда бўлмаганим учун буни тасдиқлолмайман.

Би-би-си: У ерга боришни истайсизми?

Маргрит ван Брифорт: Ҳа, жуда! Ўзим бор ўз кўзим билан нега ҳайкалим бунчалар оммабоп эканини кўришни истардим. Украинадан бир қизиқ таклиф ҳам тушди - Днепр ҳокимияти улар учун Ждуннинг икки метрли ҳайкалини ясаб беришимни сўраяпти. Менга буни Фейсбук орқали юборишди, лекин бу қанчалар жиддий таклиф экан, билмасам. Аниқлаб берсангиз, жуда зўр бўларди.

(Днепр шаҳар кенгаши Би-би-сига муаллиф билан музокаралар олиб бораётганини тасдиқлади. Ҳайкал шаҳар марказида, шаҳар кенгашининг ёнида қўйилиши кутиляпти.)

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар