Муслимани ҳимоя қилиб ўлган қаҳрамон

Талиесен Мирддин Намкай-Мечей Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Талиесен Мирддин Намкай-Мечей

Талиесен Мирддин Намкай-Мечей АҚШнинг Портланд шаҳрида ҳижоб кийган муслима қизни безоридан ҳимоя қилиб ҳалок бўлган икки америкаликдан бири. Онаси ўғлини қаҳрамон, деб атаган.

Полиция муслима қизни ҳимоя қилиб ҳалок бўлган иккинчи шахснинг ҳам исмини маълум қилган. У 4 фарзанднинг отаси, армия фахрийси, 53 ёшли Рикки Жон Бест.

Ҳужумчи ҳибсга олинишидан олдин яна бир киши жароҳатланган.

Полиция гумондор сифатида 35 ёшли, муқаддам судланган Жереми Жозеф Кристианни аниқлаган ва қўлга олган.

У сешанба куни икки кишининг ўлимига сабабчи бўлиш, қасддан суиқасд, таҳдид, жиноят ва тақиқланган қуролга эгалик қилиш айблари билан маҳкама қаршисига чиқади.

Шунга қарамасдан Орегон штати Федерал Қидирув Бюроси махсус агенти Лорен Каннон шанба куни ушбу зўравонлик "ички терроризм ҳаракати ёки федерал адоват жинояти" бўлганлигини айтишга ҳали эрта эканлигини билдирган.

Нима бўлганди?

Шанба куни икки ўсмир қиз, уларнинг бири ҳижоб ўраган муслима бўлган, Портландда поездга ўтиради.

Гувоҳларнинг айтишича, улар Жозеф Кристианнинг эътиборини тортади.

Қизлардан бирининг онаси Дюана Ҳудсоннинг айтишича, у "ҳамма мусулмонлар ўлиши керак", деб бақира бошлайди.

Поезддаги уч эркак қизларнинг ҳимоясига туришади. Ҳудсон хонимнинг айтишича, улардан бири: "Сен уларга бундай муомала қилолмайсан - улар кичкина қизлар", - дейди.

Бироқ шундан сўнг гумондор қизларнинг ҳимоячиларига бурилади. Уларга қўққисдан ҳужум қилиб, иккитаси ўлдиради ва бир кишини жароҳатлайди.

Қўрқувга тушиб қолган икки қиз ҳодиса жойидан қочишга муваффақ бўлади.

Жозеф Кристиан поезддан тушганидан сўнг дарҳол полиция томонидан ҳибсга олинади.

Қурбонлар ким эди?

Рикки Жон Бест ҳужумга учраган вақти уйига қайтаётган бўлган. У 23 йил АҚШ армиясида хизмат қилган, 2012 йили нафақага чиққан. 2015 йилдан бери Портланд шаҳри маъмурияти учун ишлаб келган.

Унинг ҳамкасби Карин Перкинснинг айтишича, у ҳар доим биринчи бўлиб ёрдам берадиган инсон бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи CBS/EVN

Гумондор қизларга таҳдид қилаётган вақти Намкай-Мече телефон орқали холаси билан гаплашаётган бўлган. Холаси жиянидан бўлаётган ҳодисани телефонга тушириб олишни сўрайди.

"Мен унга қаҳрамон бўлишга ва ўзини қурбон қилишга маслаҳат бермаган эдим, бироқ у ушбу ўсмир қизларни ҳимоя қилишга ҳаракат қилди", - деган у.

Намкай-Меченинг онаси ўғлини қаҳрамон, деган.

"У қаҳрамонлик қилди ва нариги дунёда ҳам қаҳрамон бўлиб қолади. Ярқираган юлдузим, мен сени умрбод яхши кўраман", - деган у.

Жароҳатланган яна бир ҳимоячи Мика Дэвид-Кол Флетчер шифохонада қолмоқда.

Гумондор ҳужумчи ким?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption 35 ёшли Жозеф Кристиан жиноятда гумонланмоқда

Жозеф Кристианнинг Facebookдаги саҳифаси унинг ирқчи ва экстремист қарашларга мойил эканини кўрсатиши айтилмоқда.

У Facebookда комикслар ва кўкнорини яхши кўришини ёзган.

Маҳаллий матбуотда Жозефнинг "оқ танли ирқчи сифатида танилгани" ва олдин ўнгчилар маршида Нацистларнинг салютини намойиш қилгани ёзилган.

Полиция унинг жиноий ўтмишига оид маълумотларни беришдан бош тортган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар