Мусулмон ҳаром пицца учун $100 миллион сўрамоқда

Пицца Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Америкада мусулмон ҳалол деб, чўчқа гўштли пицца сотган пиццахонани маҳкамага берган. Мусулмон эркак унга товон сифатида 100 миллион доллар тўлашларини талаб қилмоқда. Пиццага чўчқа гўшти қўшилганини аризачининг олдин католик бўлган рафиқаси сезиб қолган.Мичиган штати, Дирборн шаҳрида яшовчи Муҳаммад Баззининг маълум қилишича, у Little Caesars ресторанидан икки марта қутисига "ҳалол" деб ёзиб қўйилган булғорли пицца сотиб олган.

Бу ҳақдаги видеолавҳамизни ҳам назардан қочирманг.

Баззи ва унинг турмуш ўртоғи пиццани еб кўришганидан сўнг чўчқа гўштли колбаса ейишганини пайқаб қолишган. Чўчқа гўшти таъмини Исломга киришидан олдин католик бўлган рафиқаси сезиб қолган.

"Кўнглимиз айнир даражада ёмон бўлдик", - дейилади суд даъвосида.

Баззи иккинчи марта бу ресторандан пицца сотиб олганда, унда яна бир бор чўчқа гўшти борлигини кўрган. Ресторан бошқарувчиси мусулмоннинг эътирозига жавобан, пицца қутисига ҳалол ёрлиғини ёпиштиришни "ўзинг сўрадинг", - деб жавоб берган.

Баззи ресторан бошқарувчиси билан суҳбатни яширинча ёзиб олган ва маҳкамага мурожаат қилишга қарор қилган.

"Бу жуда ҳам қайғули. Мижозларим бу нарсани жамоатчилик билишини истамоқда. Айниқса Рамазон ойида. Мусулмонлар Little Caesars пиццалариларида чўчқа гўшти бўлиши мумкинлигини билиши керак", - дейди жабрланувчининг адвокати The Detroit Free Press нашрига.

У чўчқа гўшти истеъмол қилиш мусулмонлар учун катта гуноҳлардан бири эканлигини таъкидлаган.

Бунга ўхшаш ҳодиса 2011 йили содир бўлган эди. Дирборндаги McDonald's ресторанларидан бири ҳалол йўл билан сўйилмаган товуқ гўштини ҳалол деб сотган эди.

Маҳкама емакхона тармоғидан 700 минг доллар ундирганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02