Трампнинг куёви Россия билан махфий алоқа қилганми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Иддаоларга кўра, Кушнер декабрда Россиянинг АҚШдаги элчиси билан яширин алоқа ўрнатишни муҳокама қилган.

Доналд Трамп Москва билан махфий мулоқот йўлини ўрнатишда айбланаётган куёви Жаред Кушнерни ҳимоя қилиб чиқди.

New York Times газетасига берган баёнотида Трамп Кушнер "ажойиб иш" олиб бораётганини айтди. Кушнер ўз қайнотасининг Оқ Уйдаги маслаҳатчиси бўлиб хизмат қилмоқда.

Лекин, Трамп ўз қизи Иванкага уйланган давлат расмийси Кушнерга қарши янграётган айбловларни бевосита изоҳламади.

Иддаоларга кўра, Кушнер декабрда Россиянинг АҚШдаги элчиси билан яширин алоқа ўрнатишни муҳокама қилган.

The New York Times ва Washington Post газеталари ёзишича, Кушнер ўзининг Москва билан олиб бораётган суҳбатларини АҚШ хавфсизлик хизматлари билмаслигини истаган.

Бу ишлар гўёки Трамп президентликка сайланишидан аввал юз берган ва Кушнер у вақтда давлат расмийси бўлмаган.

Мазкур иддаолар чиқишидан аввал Федерал қидирув бюроси Кушнерни 2016 йилги АҚШ сайловларига Россия аралашуви борасида олиб бораётган тергови доирасида текшираётганди.

АҚШ матбуотидаги хабарларга кўра, терговчилар Кушнер бу борада маълумотга эга эканига ишонадилар, аммо у жиноят амалга оширишда гумонланмаяпти.

Якшанба куни Трамп Оқ Уйда прокурорлар билан учрашган ва ўз куёвига бўлган қўллаб-қувватловини билдирган.

"Жаред бу мамлакат учун ажойиб иш олиб боряпти. Менга унга тўлиқ ишонаман", - деб айтган Трамп ўз баёнотида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар