Маккейн: Путин Исломий давлатдан кўра катта таҳдид

Маккейн Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ Конгресси сенатори Жон Маккейн Россия Президенти Путин халқаро хавфсизлик учун ИШИДдан кўра катта таҳдид эканлигини айтган. У Австралияга сафари давомида Америка сенати Россияга нисбатан санкцияларни узайтиришга ҳаракат қилишини таъкидлаган.

"Путин - асосий ва Ишиддан ҳам катта таҳдид", - деган у Австралиянинг Эй-би-си каналига берган интервюсида.

Маккейн Россияни азалдан танқид қилиб келади. У Россияга қарши санкцияларни узайтириш ва кучайтириш бўйича бир неча маротаба чиқиш қилган.

Олдинроқ у Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳақида гапира туриб Путинни нишонга олган эди.

"Лавров - бу Украинага бостириб кириб Қримни эгаллаб олган, инсон ҳуқуқларини бузувчи ва Ҳалабдаги шифохонани бомбалаш учун Россия қуролларини ишлатадиган қотил ҳамда босқинчининг қўлидаги бир қўғирчоқ эканлигини биламан", - деган Маккейн.

Унга жавобан Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Маккейннинг гапларини сурбетона, деб атаган.

"Худога шукрки, бу жаноб АҚШ ташқи сиёсатини шакллантирмайди, белгиламайди ва амалга оширмайди. Ушбу тахқирона ва сурбет ҳамлаларга катта баҳо бериб, уларни Россия ва Америка муносабатларига боғламайлик", - деган Песков.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар