Трамп нега АҚШни Париж иқлим келишувидан олиб чиқди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи JEWEL SAMAD/AFP
Image caption Трампнинг қарори АҚШда норозилик намойишларига сабаб бўлди.

Президент Доналд Трампнинг АҚШни 2015 йилги Париж келишувидан олиб чиқиш қарори дунё бўйлаб кескин қораланмоқда.

Париж келишувига кўра, 188та мамлакат, жумладан унга имзо чеккан Ўзбекистон ҳам глобал ҳарорат ўсишини 2 градусдан пастроқ ушлаб туришга рози бўлган ва ҳатто 1,5 градусга туширишга интилишларини айтганлар.

БМТнинг Жаҳон метеорология ташкилотига кўра, АҚШнинг бу келишувдан чиқиб кетиши жорий аср охиригича глобал ҳароратни 0,3 градусга ошириши мумкин.

Германия Канцлери Ангела Меркел Трамп қарорини "ўта афсусланарли" дея тавсирлади. "Бизга Париж келишуви бутун борлиқни муҳофаза қилиш учун керак. Бизни ҳеч ким тўхтата олмайди", - деди у.

"Сайёрамиз келажаги ҳақида қайғурадиган ҳар бир одамга айтаман, Она Еримизни ҳимоя қилиш учун танлаган йўлимизда давом этайлик", - дея қўшимча қилди Меркел.

Трампнинг даъво қилишича, Париж келишуви Америкада миллионлаб иш ўринлари йўқолишига сабаб бўлган.

"Мен Париж эмас, Питтсбург фуқароларига вакиллик қилиш учун сайланганман", - деди у.

Трампга кўра, Париж келишуви америкаликларга қимматга тушган, аммо Хитой ва Ҳиндистон каби рақиб иқтисодлар учун осонроқ шартлар қўйилган.

Унинг даъво қилишича, Париж келишуви АҚШга 3 триллион долларга тушади.

"Биз бошқа раҳбарлар ва давлатлар бизнинг устимиздан кулишда давом этишларини истамаймиз, улар энди бундай қилмайдилар," - деди у.

Айни дамда Трамп жаҳон ҳамжамияти билан ўзга шартлар асосида янги иқлим келишувини муҳокама қилишга тайёр эканини айтди, аммо кўплаб давлатлар буни тезда истисно қилдилар.

Иқлим ўзгариши, ёки бошқача қилиб айтганда, глобал исиш даражаси дунёдаги саноат заводлари, транспорт, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларнинг атмосферага чиқараётган газ чиқиндиларига боғлиқдир.

Ер юзидаги газ чиқиндиларининг 25 фоизи АҚШдан чиқади.

НАСАга кўра, 1880 йилдан бери жаҳондаги ўртача ҳарорат 0,8 градусга ўсган. Ўсишнинг учдан бири 1975 йилдан кейинги даврга тўғри келади.

Трамп президентликка сайланишидан аввал бир неча бор иқлим ўзгаришига ишонмаслигини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар