Қобулда дафн маросимида портлаш

Қобул

Афғонистон пойтахти Қобулда 3 июн куни кетма-кет уч портлаш рўй берди. Портлаш Афғонистондаги таниқли сенатор ўғлининг дафн маросими вақтида бўлган. Камида 7 кишининг ҳалок бўлганини айтилмоқда.

Ҳужум вақти маросимда қатнашган Афғонистон Ижроий раиси доктор Абдуллоҳ Абдуллоҳ ҳам иштирок этган. Унинг омон қолгани айтилмоқда.

Сенатор ўғли жума кунги намойишларда полиция томонидан отиб ўлдирилган эди.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Қобулдан мухбиримизнинг хабар беришича, портлашлар ортидан ҳодиса жойига тез тиббий ёрдам машиналари йўналган.

Қурбонлар ва жароҳатлатланганлар борасида ҳозирча маълумот йўқ.

Дафн маросимида Афғонистоннинг таниқли расмийлари ҳам иштирок этгани айтилмоқда.

Жума куни Кобулдаги қонли ҳужумдан икки кун ўтиб, юзлаб афғонлар 'Президент ва ҳукумат истеъфо берсин' деган талаб билан шаҳар кўчаларига чиқишган.

Намойишчилар президент Муҳаммад Ашраф Ғаний ҳукуматининг истеъфо беришини талаб қилишган.

Полиция кучлари юзлаб намойишчиларни ўққа тутиб, улардан камида беш нафарини ўлдириши ортидан, Афғонистон пойтахти Кобул маркази иҳоталаб қўйилган.

Президент саройи ва аксарият хорижий элчихоналарга элтувчи йўллар ёпилган. Танклар ва зирҳли ҳарбий уловлар жойлаштирилган.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

30 май кунги худкушлик ҳужумда камида 80 кишининг умрига зомин бўлган, 350 дан ортиғини яралаган эди.