Дунё етакчилари Лондон ҳужумларини қоралади

лондон Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Дунё етакчилари шанба куни етти кишининг умрига зомин бўлган Лондон ҳужумларини қоралади. Ҳужумларда 30 дан ошиқ киши жароҳатланган. Полиция одамларга ҳужум қилган икки кишини отиб ўлдирган. Лондонда ҳужум ортидан махсус амалиётлар ўтказилмоқда.

Ҳужумларда 4 фуқароси жароҳатланган Франция Президенти Эммануэл Макрон Британияга ҳар доимгидан ҳам яқинроқ эканлигини билдирган.

Австралия Бош вазири Малколм Тернбулл "дуолари ва қатъиятли бирдамлиги" Биртания халқи билан бирга эканлигини айтган.

АҚШ Президенти Доналд Трамп твиттердаги саҳифасида шанба куни кечқурун "Лондон ва Британия учун ҳар қандай ёрдам керак бўлса, биз ёнингиздамиз. Худонинг паноҳига", деб твит қолдирган.

3 июн кечаси Лондоннинг уч жойида тинч аҳолига ҳужум бўлган. Полицияга кўра, уларнинг иккитаси террор ҳужуми.

Маҳаллий вақт билан 22:08 да фургон автомобили одамларни босгани тўғрисида полицияга хабар келиб тушган.

Кейинроқ полицияни Бороу-маркет бозорига пичоқ билан ҳужум хабари билан чақиришди.

Воксол мавзесида ҳам пичоқ билан ҳужум қайд этилди. Аммо полиция уни бошқалари билан боғлиқ эмас, деди.

"Қизил кийиниб олган қўлида пичоғи бор эркакни кўрдим. У бошқа бир одамга 3 марта пичоқ урганини кўрдим. Юзида ҳеч қандай ифода йўқ эди", - дейди гувоҳлардан бири.

Полиция ҳужумчиларни отиб ўлдирган. Ерда ётган ҳужумчининг сурати тарқалган.

Бош вазир Терезе Мэй, ҳужумга қарамасдан парламент сайловлари қолдирилмаслигини маълум қилган.

Британия Бош вазирининг баён қилишича, мамлакатнинг аксилтеррор стратегияси қайта кўриб чиқилади. Кутилаётган ўзгартиришлар айнан нималарни кўзда тутиши ҳозирча номаълум.

Мэй Британиянинг плюралистик қадриятларини ҳимоя қилиш кераклигини айтган.

Лондон ҳужумларидан кейин шаҳарнинг шарқинг минтақасида 12 киши ҳибсга олинган.

Бу ҳужумларда етти киши қурбон бўлган, 48 одам яраланганди.

Бош вазир Тереза Мей ортиқ бу каби ҳолатларга тоқат қилинмаслигини урғулар экан, "бас, етар", дея ҳужумларни қоралаган.

Британия Ички ишлар вазири тунги ҳужумлар муносабати билан амалиётлар ўтказилаётганини айтди.

Ҳужумга масъулиятни ҳалича ҳеч бир гуруҳ ёки шахс ўз зиммасига олмаган. Бу - Буюк Британияда бор-йўғи уч ойнинг ичида уюштирилган учинчи террорчилик ҳужуми бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ