5 араб давлати Қатар билан дипломатик алоқаларни узди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Қатар ҳукумати ўзига қарши бўҳтон кампанияси олиб борилаётганини айтади

Саудия Арабистони, Миср, Баҳрайн, Яман ва Бирлашган Араб Амирликлари Қатарни минтақани беқарорлаштиришда айблаб, у билан дипломатик алоқаларни узишган.

Ушбу давлатларнинг ҳукуматларига кўра, Қатар террорчи гуруҳлар, жумладан, "Мусулмон қардошлар"ни қўллаб-қувватлайди.

Саудиянинг давлат хабар агентлиги SPA нинг билдиришича, Ар-Риёд Қатар билан чегараларини ёпган ва қўшниси билан қуруқлик, денгиз ва ҳаводан барча қатновларни тўхтатган.

Агентликнинг расмийлардан иқтибос келтиришича, ушбу қадамлар миллий хавфсизликни "террорчилик ва экстремизмдан ҳимоялаш" мақсадида қўйилган.

Миср Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Қатар билан ҳаво ва денгиз қатнови тўхтатилганини айтган.

Бирлашган Араб Амирликлари эса Қатар дипломатларига мамлакатни тарк этишлари учун 48 соат муҳлат берган.

Баҳрайн давлат агентлигининг хабар беришича, Қатар билан дипломатик алоқалар ушбу Кўрфаз давлати Баҳрайннинг ички ишларига аралашгани ва унинг хавфсизлиги ҳамда барқарорлигига таҳдид солгани важидан узилган.

Саудия бошчилигида Яманда Хутий исёнчиларига қарши урушаётган иттифоқчилар ҳам Қатарни иттифоқдан чиқаришган.

Уларга кўра, Қатар "Ал-Қоида" ва "Исломий давлат" сингари ташкилотларни қўллаб-қувватламоқда".

Аввалроқ Қатар ҳукумати бу айбларни рад этган ва ўзига қарши бўҳтон кампанияси олиб борилаётганини айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02