ИШИД Лондондаги ҳужум учун масъулиятни зиммасига олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Ҳужум Лондон кўприги ҳудудида юз берган

"Исломий давлат" экстремистик гуруҳи Лондонда етти инсоннинг ҳаётига зомин бўлган ҳужум учун масъулиятни зиммасига олган.

Бу ҳақдаги хабарни ташкилот ИШИДга алоқадор деб ишониладиган Амак агентлиги орқали тарқатган.

Аввалроқ Британия полицияси ҳужумчиларнинг шахсини аниқлаганини айтган, аммо уларнинг исм-шарифларини эълон қилмаганди.

"Исломий давлат" кўпинча аниқ алоқаси бўлмаса ҳам Европадаги ҳужумлар учун масъул эканини айтиб келади.

Британия полицияси ва ҳукумати ҳозирча ИШИДнинг баёнотини шарҳламаган.

3 июн кечаси Лондоннинг уч жойида тинч аҳолига ҳужум бўлган. Полицияга кўра, уларнинг иккитаси террор ҳужуми.

Маҳаллий вақт билан 22:08 да фургон автомобили одамларни босгани тўғрисида полицияга хабар келиб тушган.

Кейинроқ полицияни Бороу-маркет бозорига пичоқ билан ҳужум хабари билан чақиришди.

Воксол мавзесида ҳам пичоқ билан ҳужум қайд этилди. Аммо полиция уни бошқалари билан боғлиқ эмас, деди.

"Қизил кийиниб олган қўлида пичоғи бор эркакни кўрдим. У бошқа бир одамга 3 марта пичоқ урганини кўрдим. Юзида ҳеч қандай ифода йўқ эди", - дейди гувоҳлардан бири.

Полиция ҳужумчиларни отиб ўлдирган. Ерда ётган ҳужумчининг сурати тарқалган.

Бош вазир Тереза Мэй, ҳужумга қарамасдан парламент сайловлари қолдирилмаслигини маълум қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02