Қатардан қўшнилар нима учун хафа?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Бадавлат Қатар манзаралари

Турфа томонлардан мулоқот чақириқлари янграётганига қарамай, Қатарнинг қўшнилари билан зиддияти тобора чуқурлашиб бормоқда.

Қатардан Саудия Арабистони, Миср ва Баҳрайнга парвозлар тўхтатилган.

Бир неча давлатлар Қатар билан дипломатик алоқаларни узишди.

Қатарни "террорчиликни дастаклашда" айблашди.

Доҳа бу каби айбловларни кескин рад этиб келади.

Би-би-си Араб хизматидан Амир Раваш Қатарнинг қўшнилари билан бу қадар кескин муносабатлари тарихига назар ташлайди.

Мусулмон биродарлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Айрим парвозлар бекор қилинди

Қатар ва Форс кўрфази Ҳамкорлик кенгаши давлатлари Араб баҳорида бир-бирига қарши гуруҳларни қўллашганди.

Доҳа минтақада муваффақият қозонаётган исломчилар тарафини олган эди.

Масалан, Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсий қудратдан кетишга мажбур бўлар экан, Қатар Қоҳира тақиқлаган мухолиф гуруҳларни дастаклади.

Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ҳам Мусулмон Биродарлари гуруҳини "террорчи ташкилот" деб танийди.

Эрон билан муносабатлар

Сўнгги зиддиятларга Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад ал Тҳанининг Эронга "душманлигини" учун АҚШни танқид қилгани ҳам сабаб дейилмоқда.

Саудия Арабистони баёнотида Доҳани "Қатиф минтақасида ( Саудия шарқидаги минтақа) Эрон дастаклаётган террорчи гуруҳларни" қўллаб-қувватлагани урғуланади.

Саудиянинг бу минтақасида асосан шиалар истиқомат қилади.

Қатарни шунингдек, Ямандаги хусийларни дастаклашда ҳам айблашади.

Доҳа эса айни айбловларни рад этар экан, "ташқи давлатларнинг ички ишларига аралашмаслигини" таъкидлаб келади.

Ливиядаги зиддият

Ливия 2011 йилда Муаммар Қаддофий қудратдан кетганидан бери ўзини ўнглаб олгани йўқ.

Ливия ҳарбий раҳбарларидан Халифа Ҳафтар Миср ва БААдан ёрдам олади.

У Қатарни "террорчи гуруҳларни" дастаклашда айблайди.

Ҳафтар мамлакат шарқидаги Тобрук шаҳрида жойлашган ҳукуматни қўлласа, Қатар Триполидаги мухолиф ҳукуматни дастаклаб келади.

Қатардаги сўнгги вазият ҳақида видеолавҳа

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар