Кобул: Қонли ҳужум қурбонлари сони 150 дан ортди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Кобулликлар

Бу ҳақда шахсан Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг ўзи маълум қилган.

Унинг бу баёноти пойтахт Кобулда иш бошлаган йирик халқаро хавфсизлик анжумани илк кунида янграган.

Кобулдаги ҳалокатли худкушлик ҳужуми ўтган чоршанба куни амалга оширилган.

Шу пайтгача бу ҳужум қурбонларининг сони камида 90 киши экани айтиб келинаётганди.

Бу ҳужумда юзлаб сондаги инсонлар яраланган, улардан аксариятининг ҳозирга келиб, ўз уйларига қайтганликлари ишонилади.

Шу пайтгача бу ҳодисага масъулиятни бирор бир жангари гуруҳ ўз зиммасига олмаган.

Афғонистон Жосуслик Хизматлари унда "Ҳаққоний" тармоғи ва қўшни Покистонни айблашган.

Расмий Исломобод уларнинг бу даъволарини зудлик билан рад этган, аммо тармоқ ҳали-ҳануз жим.

Пойтахт Кобул илк бор мезбонлик қилаётган уч кунлик йирик халқаро хавфсизлик анжумани эса, ана шу худкушлик ҳужуми дохил шаҳар устма-уст саҳна бўлган зўравонликлардан саноқли кунлар ўтиб иш бошлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳужумдан кейин

Анжуманда жаъми 20 дан ортиқ мамлакат ва турли нуфузли халқаро ташкилот вакиллари иштирок этишмоқда.

Уларнинг орасида афғон можаросида муҳим ўрин тутувчи барча минтақавий ўйинчилар ва АҚШ, Хитой, Россия каби глобал қудратлар ҳам бор.

Афғонистонга тинчлик келтириш ва террорчиликка қарши ҳамкорликда курашиш - кун тартибидаги асосий масалалар бўлади.

Бу - шахсан президент Муҳамад Ашраф Ғаний ташаббускори бўлган ва сулҳ масаласига бағишлаб, афғон тупроғида бўлиб ўтаётган биринчи халқаро хавфсизлик анжумани бўлади.

Расмий Кобул сўнгги пайтларда Афғонистонга оид ҳар қандай тинчлик жараёнига шахсан ўзлари бошчилик қилишлари кераклиги мавқеига ўтган.

Бошқа томондан, ўтган 16 йил давомида турли воситачи давлатларнинг сулҳ борасидаги уринишлари бесамар кетгани ҳам бор гап.

Аммо Кобул ташаббускори бўлган бу анжуман нафақат шаҳар саҳна бўлган устма-уст зўравонликлар, балки-да, айнан шу ҳодисалар сабаб, миллий бирдамлик ҳукумати сафларида танглик кучайган бир шароитда бўлиб ўтмоқда.

Хабарларга кўра, Афғонистон ижроий раиси доктор Абдулла Абдулла ва Ташқи ишлар вазири, мухолифатдаги "Исломий Жамият" сиёсий партияси лидери Салоҳиддин Раббонийлар бу йиғиннинг илк кунида кўриниш беришмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02