Нега Индонезия ўз ороллари сонини билмайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AULIA/UNDP/INDONESIA
Image caption Айрим оролларнинг кичиклиги уларни санаб чиқишни қийинлаштиради.

Индонезия ўзининг ороллари сонини анча вақтдан буён аниқлолмай келади. Шу йил августида БМТ йиғилиши режалаштирилган, ўша йиғилишгача ороллар сонини аниқлаб олиш керак.

Қандай қилиб бир мамлакат ўз жўғрофий чегараларини аниқлолмаслиги мумкин?

Номлаш муаммоси

БМТнинг денгиз қонунчилигига доир конвенция(UNCLOS)сига кўра, орол деб атрофи сув билан ўралган, баланд тўлқинлар кўтарилган пайтида ҳам кўриниб турадиган қуруқликка айтилади.

Агар оролнинг номи шу яқин-атрофдаги маҳаллий аҳоли вакилларидан камида икки кишига маълум бўлса, бу ном расман эътироф этилиши лозим.

Денгиз халқлари учун адолат Коалицияси деб номланган ташкилотдан Сусан Ҳераватининг Би-би-сига айтишича, бу атрофдаги оролларнинг 60 фоизининг номи йўқ ва бу ўша оролларни бошқа мамлакат ўзиники қилиб олиши мумкинлигини англатади.

Мисол сифатида Ҳеравати хоним сайёҳлар орасида машҳур Ломбок яқинидаги Гили оролларини тилга олади. У ерда бир кичик оролни хусусий пляж қилиб сотиб олишган.

Дунёнинг энг катта архипелаги

Индонезия ҳудуди 1,9 миллион квадрат километрни эгаллаган. Шунинг учун ҳам БМТ мезон ва талабларига мос қилиб оролларни санаб чиқиш мушкуллик туғдиради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ASRI/UNDP INDONESIA
Image caption Bungin Belle оролида 25 оила мавсумий истиқомат қилишади, мунтазам эмас

Мисол учун пойтахт Жакартанинг шундоққина соҳили яқинида афсонавий Минг Орол жойлашган, пойтахт яшовчилари дам олиш кунлари ўша оролларига боришади.

Лекин бу ҳудудда нечта орол борлигини ҳеч ким аниқ билмайди.

1996 йилги қонунда дунёнинг энг катта архипелагидаги оролларнинг тахминий сони 17508 та деб ёзилган.

Индонезиянинг бу қонунига киритилган қатор ороллари БМТ мезонига мос келмаган.

Ҳукумат бу оролларнинг барчасини БМТ билан биргаликда рўйхатдан ўтказишга умид қилмоқда, бу Индонезиянинг улкан ҳудуди ва балиқчилик ресурсларини муҳофаза қилишга ёрдамлашади, деб кўрилмоқда.

Ҳар бир оролни бориб кўриш

Indonesia, island Фото муаллифлик ҳуқуқи AULIA/UNDP INDONESIA
Image caption Айрим ороллар худди болалар қўли билан чизилган расмга ўхшайди.

Денгиз ишлари ва балиқчилик вазирлигининг ҳисоблаб чиқиш гуруҳининг Би-би-си Индонезия Хизматига айтишларича, август ойидаги БМТ йиғилишига мавжуд ороллар рўйхатига яна камида 1700 оролни қўшишни хоҳлайдилар.

"Мана бу бизнинг рўйхатимиз, лекин ҳали ҳисоб-китобимиз давом этаяпти. Шунинг учун рақам янада кўпайиши мумкин. Биз бу ишларни июль ойи охиригача давом эттирмоқчимиз", дейди Денгиз ишлари ва балиқчилик вазирлиги ҳисоблаб чиқиш гуруҳидан Балок Будийанто.

"Биз ҳар бир оролни бориб кўришимиз, оролнинг координаталарини, номини, номининг маъносини, қуруқликнинг тарихини қайд этишимиз лозим. Оролнинг ландшафти ва жўғрофий тарихини тарърифлаб беришимиз талаб қилинади. Биз ана шу барча тафсилотларни тўплашимиз, сўнг марказий идорамизга тақдим этишимиз лозим", дейди Балок Будийанто.

Аниқ маълумотга эга бўлиб туриш

Атроф-муҳит фаоллари огоҳлантиришларича, агар иқлим ўзгариши боис денгиз сатҳи кўтарилишда давом этаверса, Индонезия ўзининг минглаб оролидан айрилиб қолиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UNDP INDONESIA
Image caption Айрим оролларнинг гўзаллигини таърифлашга тил ожиз

Ороллар ҳақидаги маълумотни мунтазам янгилаб туриш - ниҳоясига етмайдиган ишдир. Чунки жаноб Балокнинг айтишича, ҳисоб-китоб гуруҳи доим янги оролни топиб олаверадилар. Янги орол "зилзилалар ва вулқон отилишлари" натижасида юзага келади.

2002 йили Индонезия икки оролини йўқотди. Бу оролларини Малайзияга беришига тўғри келди. Территорияга оид баҳсда Халқаро Адлия Маҳкамаси икки оролни Малайзияга бериши лозимлиги ҳақида қарор чиқарди. Шарқий Тимор ўз мустақиллигини эълон қилганидан кейин ҳам икки оролидан айрилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ