Мозамбикда кал эркакларга нима учун ҳужум қилишмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Мозамбикда кал эркаклар "ҳужум нишонига" айланганми?

Мозамбик полицияси кал эркакларни "ритуал" ёки мутаасибона ҳужумларга нишон бўлишдан огоҳлантирган.

Ўтган ой икки кал эркак ўлдирилган.

AFP хабар агентлигига кўра, ўтган ой Замбезия вилоятида икки сочсиз эркак ўлдирилган.

Улардан бирининг боши танасидан жудо қилинган, ички тана аъзолари кесиб олинган.

"Ўтган ой икки эркакнинг ўлдирилиши ортида икки гумонланувчи ҳибсга олинди", деб айтган полиция воизи.

"Уларнинг ўлими аслида анъана ва ирим-сирим билан боғлиқ...Маҳаллий аҳолининг ишонишича, кал эркаклар бадавлат бўлишади", деб айтган у.

Би-би-си мухбири Жосе Тембенинг Мозамбикдан хабар беришича, айрим одамлар кал эркакларнинг бош чаноғида олтин бўлади, деб ишонишар экан.

Аммо кал эркакларнинг айнан шу ақида билан ўлдирилиши авваллари мисли кўрилмаган ҳолатдир, дейди мухбиримиз.

Гумонланувчи икки ёш йигит полицияга айтишича, ўлдирилган эркакларнинг тана аъзолари Танзания ва Малавида яшайдиган харидорларининг ишини ўнгидан келиши, омадини чоптириши учун "табибларнинг" ирим-сиримида ишлатилиши керак бўлган экан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар