Лондон ғарбида ёнғинда қурбонлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Қурбонлар сони ортиши кутилмоқда

Лондон Ёнғиндан сақлаш хизматига чоршанба куни маҳаллий вақт билан 00:54 да турар-жой биносидаги ёнғин ҳақида маълумот келиб тушган.

24 қаватли Grenfell Tower Шимолий Кенсингтон мавзеъсидаги Латимер-роудда жойлашган.

Бино 2-қаватдан охирги қаватигача ёнмоқда.

Расмийларга кўра, ёнғин бошланган вақтда бинода 600 га қадар одам бўлган бўлиши мумкин.

50 киши шифохонага ётқизилган, уларнинг жароҳати қанчалик жиддийлиги номаълум.

Қурбонлар сони 12 кишига етган ва мулозимларга кўра, бу рақам ортиши кутилади.

Гувоҳларнинг айтишларича, одамлар уйларнинг ичкарисидан ёрдам сўраб, ишора беришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/NATALIE OXFORD
Image caption 24 қаватли бино

Воқеа жойида 200дан ортиқ ўт ўчирувчилар бор.

20 дан ортиқ тез тиббий ёрдам машиналари бино олдига етиб борган.

Ёнғин сабаби аниқланганича йўқ.

Лондон ҳокими Содиқ Хон ёнғинни "фавқулодда ҳодиса" деб атаган.

Маҳаллий яшовчиларга кўра, бино яқинда таъмирдан чиққан.

Grenfell Tower 1975 йилда қурилган, унда 130 та хонадон бор.

Айрим қўшни бинолардаги яшовчилар эвакуация қилинган.

Ҳодиса жойига яқин мактаб ва спорт клубларида ёрдам марказлари ташкил этилган.

Видеони томоша қилинг

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар