Британия сайловида Консерваторлар кутилган натижага эришмади

Тереза Мэй Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Тереза Мэй истеъфога чиқмаслигини билдирган

Британиядаги парламент сайловида Консерваторлар партияси ғалаба қозонмоқда, бироқ улар мутлоқ кўпчилик овозни ололмаган. Мувафаққиясизликка қарамасдан Бош вазир Тереза Мэй истеъфога чиқмаслигини маълум қилган. Кузатувчилар Британияда "муаллақ парламент" ҳолати юзага келганини айтишмоқда.

Парламентдаги мутлоқ кўпчиликни ташкил қилиш учун Консерваторлар камида 326 та ўринни олиши керак эди. Бироқ 650 ўриндан 648 тасида ҳисоблаб чиқилган овозлар уларнинг 317 та ўринга эга бўлаётганини кўрсатган. Якунда Консерваторлар кўпи билан 319 ўринни қўлга киритиши мумкин.

Консерваторларнинг таъқибчиси Жереми Корбин бошчилигидаги Лейбористлар партияси 261 ўринни эгалик қилган.

Консерваторларнинг парламентда ҳукумат тузиши қийин кечиши ва бошқа партиялар билан келишувлар олиб бормаса, бу ишни амалга ошира олмаслиги мумкинлиги айтилмоқда.

Би-би-сига маълум бўлишича, амалдаги Бош вазир Терезе Мэй муваффаққиятсизликка қарамасдан ўрнини бўшатмайди ва ҳукуматни шакллантиришга ҳаракат қилади.

Мухолифатдаги Лейбористлар етакчиси Жереми Корбин ҳам "халққа хизмат қилишга тайёрлигини" билдирган.

Интерактив харита

Please enable Javascript to view our results map

Шартли белгилар: Con - Консерваторлар; Lab - Лейбористлар; LD - Либерал-демократлар; SNP - Шотландия Миллий партияси; PC - Плайд Камри; Ind - Мустақил номзод; DUP - Демократик иттифоқчилар; SDLP - Социал-демократлар; UUP - Ольстер юнионистлари; SF - Шинн Фейн; Green - Яшиллар


Кузатувчилар Британия парламентида юзага келган ҳолатни "муаллақ парламент" дея баҳолашмоқда. Уларга кўра, ушбу сайловларда ўз позициясини кучайтириб олишни мақсад қилган Тереза Мэй муваффаққиятсизликка учраган ва уни истеъфо беришга чақириқлар янграмоқда.

Консерваторлар парламентда кўпчиликни ташкил қилаётган бўлса-да, Европа Иттифоқидан чиқиш қарорлари олишда ва бошқа муҳим қарорларни қабул қилишда бошқа партияларнинг кўмагига муҳтож бўлиши айтилмоқда.

Кузатувчиларга кўра, ҳукуматни шакллантиришда бошқа партиялар билан муроса қилолмаса уни шакллантириш Лейбористларга топширилиши мумкин.

Парламентнинг муаллақ қолиши 2010 йилда ўтган сайловларда ҳам содир бўлган.

Ўшанда мутлоқ кўпчилик овоз ололмаган консерваторлар Либерал демократлар партияси билан коалиция тузиб ҳукуматни шакллантирган эди.

Бироқ бу сафар Либерал демократлар сайлов арафасида Консерваторлар билан коалиция тузмаслигини маълум қилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ