Саудий футболчилар нега сукут сақлашдан бош тортди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Саудий жамоаси ФИФАга қурбонларга бу тарзда ҳурмат бажо келтириш "саудий маданиятига зид" эканини айтишган.

Саудия Арабистони футболи раҳбарияти ўз миллий жамоаси Лондондаги ҳужум қурбонлари хотирасига бир дақиқа сукут сақлашдан бош тортгани учун кечирим сўради.

Пайшанба куни ўтган Жаҳон чемпионати саралаш ўйинида Австралия жамоасига қарши Аделаид Овал стадионида майдонга тушган ўйинчилар марҳумлар хотираси учун бир дақиқа тўхташга рози бўлишмади.

Австралия футболчилари қаторга тизилиб, елкама-елка турдилар.

Саудий рақиблари эса майдондаги мавқеларига туриб, машқ қилишда давом этишди.

Саудий жамоаси ФИФАга қурбонларга бу тарзда ҳурмат бажо келтириш "саудий маданиятига зид" эканини айтишган.

Мазкур ҳолат футбол олами ва Ғарбда катта норозиликка сабаб бўлган бўлса-да, ФИФА саудий жамоасига қарши жазо кўрилмаслигини билдирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Бир дақиқа сукут сақлаш масаласи йилларки мусулмон уламолар учун баҳсли мавзу бўлиб келган.

Шанба куни уч киши Лондондаги Лондон Бридж кўпригида йўловчиларни фургон билан уриб, сўнгра ресторан ва барлардаги одамларни пичоқлаши оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган.

Икки австралиялик аёл - Керсти Боден ва Сара Зеленак террор ҳужумида ҳалок бўлганлар орасидалар.

Австралия футбол раҳбарияти айтишича, саудийлар сукут сақлашда қатнашмасликлари, аммо бу анъанага халақит бермаслик учун майдоннинг ўз томонида қолишларини айтишган.

Сукут сақлаш вақти фақат 7 рақам остида тўп сурувчи Салмон Ал Фараж жим турган.

Яна икки ўйинчи қўлларини орқага қовуштириб турганларини кўринади.

Жума куни Саудия Арабистони футбол федерацияси ўз ўйинчилари ҳужум қурбонлари яқинларига ҳурматсизлик кўрсатишни хоҳламаганларини айтиб, кечирим сўради.

Бир дақиқа сукут сақлаш масаласи йилларки мусулмон уламолар учун баҳсли мавзу бўлиб келган.

Кўп мўътадил уламолар унга қаршилик қилишмайди, аммо салафий уламолар бунга Ислом йўл қўймаслигини айтадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар