Трамп Комини Конгрессга ёлғон гапиришда айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Коми ишдан олинишидан аввал Россия бўйича очилган қатор терговларга бошчилик қилаётганди.

АҚШ Президенти Доналд Трамп ўзи ишдан бўшатган Федерал Қидирув Бюроси (ФҚБ) раҳбари Жеймс Комини ёлғончиликда айблади. Коми пайшанба куни Конгресс қўмитаси олдида кўрсатма берганди.

"Шунча нотўғри баёнотлар ва ёлғонлар, мутлақ оқланишимга қарамай... ВАУ, Коми чақимчи ҳам экан!" дея твит ёзди президент жума тонгида.

Конгрессда чиқиш қилган Коми президент Трамп уни бўшатиш билан Россия ва Трамп сайлов кампанияси ўртасидаги алоқалар бўйича очилган терговга таъсир қилишни истаганини айтган.

Коми ишдан олинишидан аввал Россия бўйича очилган қатор терговларга бошчилик қилаётганди.

Коми Сенат хавфсизлик қўмитаси қаршисида чиқа туриб Трамп унга собиқ хавфсизлик маслаҳатчиси Майкл Флинн устидан очилган терговни бекор қилиш йўлида босим ўтказганини айтди.

Коми, шунингдек, Президент Трамп ФҚБ "ёмон бошқарилган"ини айта туриб унга туҳмат қилганини даъво қилди.

У президент ёлғон гапиришидан хавфсираб у билан ўтган барча учрашувлари тафсилотини қоғозга тушириб борганини билдирди.

У сўнгра бу ёзувларини ўз дўсти орқали матбуотга сиздирганини тан олди.

Россия ва ўз кампанияси ўртасида алоқалар бўлгани ҳақидаги иддаоларини Трамп "сохта хабарлар" дея писанд қилмаган.

Конгрессдаги учрашув ортидан Трампнинг адвокати Комининг кўплаб иддаоларини рад этиб чиқди.

Алоқадор мавзулар