Трамп: Қатар тарихдан терроризм ҳомийси бўлган

Дональд Трамп Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ Президенти Дональд Трамп Қатарни терроризмни "ўта олий даражада"молиялашда айблади ва бунга дарҳол барҳам беришга чақирди.

"Афсуски, Қатар тарихдан терроризмнинг ўта олий даражада ҳомийси бўлиб келган. Қатар ва минтақадаги бошқа давлатларни зудлик билан террористларни қўллаб-қувватлашни тўхтатишни сўраймиз", - деган Трамп.

У бу гапларни Руминия Президенти Клаус Йоханнис билан музокаралар ортидан ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган.

Бундан сал олдинроқ АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон Форс кўрфази давлатларидан Қатарни иқтисодий қамал қилишни енгиллаштиришга чақирганди. Унга кўра бу нарса ИШИД билан курашишга халақит қилмоқда.

Тиллерсоннинг таъкидлашича, Қатарни бойкот қилиш бизнесга алоқаларга ва савдога салбий таъсир кўрсатмоқда ва ҳамда оддий одамларга зарар бермоқда. Давлат котиби Қатар амири терроризмни молиялашни тўштатишда "ўсишга эриш"гани, бироқ бу йўлда янада кўпроқ иш қилиши кераклигини айтган.

Пентагоннинг расмий вакили Жефф Дэвиснинг айтишича, Қатарнинг араб иттифоқчилари томонидан қамалга олиниши ИШИДга қарши узоқ муддатли ҳарбий амалиётларни режалаштиришга имкон бермаяпти. АҚШ бу амалиётларда Қатарнинг ал-Адид ҳаво базасидан фойдаланади.

Ҳафта бошида Саудия Арабистони, Бирлашган араб амирликлари ва Миср каби 9 давлат Қатар билан дипломатик алоқаларни узишини маълум қилди. Улар Қатарни террор ташкилотларини дастаклаш ва экстремист ғояларни тарғиб қилишда айблашди.

Қамалда иштирок этган давлатлар Қатар фуқароларини бу мамлакатларни тарк этишга мажбурлашди ва Қатар учоқлари учун ҳаво йўлларини ёпиб қўйишди.

Баҳрайн ва БАА ҳукуматлари ўз фуқароларини Қатарни ҳар қандай қўллаб қувватлаш жарима ва беш йилгача қамоқ жазоси билан жазоланишдан огоҳлантирди.

Сешанба куни Трамп араб давлатларининг Қатар билан дипломатик алоқаларни узиш қарорини ўзининг яқинда Яқин Шарққа уюштирган ташрифига тўғридан-тўғри боғлади.

"Саудия Арабистонига ташриф ва қирол ҳамда 50 давлат раҳбарлари билан учрашув ўз мевасини бераётганини кўриш ёқимли. Улар экстремизмни молиялаштириш борасида қатъий позицияни тутишга ваъда беришганди ва ҳаммаси Қатарга юзланганди. Балки бу терроризм даҳшатлари интиҳосининг бошланишидир", - деб ёзган Трамп твиттер саҳифасида.

Бу мавзуда батафсилроқ