Навальний Москва намойиши олдидан "қўлга олинди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи @navalny/twitter
Image caption Твиттерда ёзган Юлия Навальная ўз эрининг подъезд эшигида қўлга олингани, аммо режалар ўзгармаганини билдирди.

Россия мухолифат раҳбари Алексей Навальний Москвада рухсатсиз норозилик намойишини ўтказишга шайланаётганида қўлга олинди. Унинг рафиқасига кўра, Навальний ўз уйи ташқарисида ушланди.

Твиттерда ёзган Юлия Навальная ўз эрининг подъезд эшигида қўлга олингани, аммо режалар ўзгармаганини билдирди.

Аввалроқ Навальний ўз тарафдорларини Россия бўйлаб коррупцияга қарши намойишларга чиқишга ундаган.

Россия шарқидаги намойишларда аллақачон бир неча киши ҳибсга олинганлар.

Владивостокдаги намойишда камида 10 киши ҳибсга олинган, Благовешченскда тўрт, Қозонда эса камида 1 киши ушланган.

Навальнийнинг ўзи бугун Москва марказидаги намойишда қатнашиши кутилганди. Аввалроқ унга Сахаров ҳиёбонида намойиш ўтказиш рухсат берилган, аммо бир кун олдин у манзилни Кремль яқинидаги Тверская кўчасига белгилади.

Мамлакат бўйлаб 169та жойда намойиш ўтказишга рухсат берилган ва уларнинг баъзилари Навальнийнинг YouTube каналида жонли намойиш этилади.

Намойишларнинг энг йириги Москва ва Санкт-Петербургда ўтиши кутилмоқда.

Мухолифатнинг бу чиқишлари Россия бўйлаб байрам қилинадиган "Россия куни"га тўғри келмоқда.

Алоқадор мавзулар