Путин: 'Қизларим сиёсат ва бизнес билан шуғулланмайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Америкалик режиссёр Оливер Стоуннинг "Путин билан интервью" ҳужжатли фильмида оиласи ҳақида гапираркан, Россия президенти қизлари билан кўришиб туриши, улар "ҳеч қандай сиёсат ва катта бизнес билан шуғуллланмасликлари"ни айтган.

12 июнь куни Showtime кабель телевидениеси орқали намойиш этила бошланган фильм муаллифи Путиндан "набираларингизни яхши кўрасизми?" деб сўраган.

Россия раҳбари "жуда ҳам" деб жавоб берган, аммо улар билан ўйнашга ҳар доим ҳам вақт тополмаслигидан шикоят қилган.

Путиннинг айтишича, у қизлари билан фахрланади ва куёвлари билан аҳён-аҳёнда баҳслашиб ҳам туради.

"Кўпинча фикрларимиз ҳар-хил бўлади", - деган Путин.

Путиннинг сўзларига кўра, унинг қизлари илм-фан ва таълим билан машғул.

Владимир Путиннинг собиқ аёли Людмила Путин билан турмушидан Мария ва Катерина исмли икки қизи бор.

Уларнинг ҳаёти ҳақида расман ҳеч нарса маълум эмас.

Матбуотда пайдо бўлган маълумотларга кўра, Мария илм билан шуғулланади ва унинг турмуш ўртоғи голландиялик Йоррит Йост Фаассен, бир қизи бор.

Катерина эса, журналистлар қўлга киритган маълумотларга кўра, Тихонова фамилиясини олган ва Москва давлат университетининг илмий лойиҳасига раҳбарлик қилади.

У миллиардер Кирилл Шамаловга турмушга чиққан.

Путин қизлари ҳақидаги маълумотларни ҳеч қачон тасдиқламаган.

Оливер Стоуннинг фильмида Путин автомобилни бошқаради, АҚШни Ал-Қоидани тузиш ва Чеченистондаги жангариларга ёрдам беришда айблайди ва СССРнинг собиқ президенти Горбачевни танқид қилади.

Фильм Россиянинг "Биринчи канал"и орқали 19 июндан 22 июнга қадар намойиш этилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02