38 ёшли гей доктор Ирландиянинг бош вазири бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ўз сексуал ориентацияси ва этник келиб чиқиши туфайли кўплар Варадкарни либерал лидер дея кўришмоқда.

38 ёшли Лео Варадкар Ирландиянинг энг ёш ва илк гей бош вазири этиб сайланди. Парламент аъзолари чоршанба куни овоз берар эканлар, 57 депутат Варадкар номзодини қўллаб-қувватлади, 50 нафари қарши чиқди ва 47 нафари овоз бермади.

Онаси ирландиялик ҳамшира аёл ва отаси ҳиндистонлик шифокор бўлган Лео Варадкар ҳам ўтмишда шифокор бўлиб ишлаган. У ўтган ой Fine Gael партияси раҳбарлигини қўлга киритганди.

Парламентда чиқиш қилар экан, жаноб Варадкар қуйидагиларни айтди: "Мен бу мамлакатни бошқариш учун сайландим, аммо мен унга хизмат қилишга ваъда бераман. Мен бошқарадиган ҳукумат ўнг ё сўл қанот бўлмайди, чунки у эскича бўлинишлар бугун олдимизда турган сиёсий вазифаларни тушунмайди".

Собиқ бош вазир Энда Кенни лавозимни Варадкарга топширар экан, у ирландияликларнинг янги авлоди тилидан гапиришини айтди.

Ўз сексуал ориентацияси ва этник келиб чиқиши туфайли кўплар Варадкарни либерал лидер дея кўришмоқда. Ирландия католик черков таъсири кучли бўлган анъанадор жамиятга эга.

Алоқадор мавзулар