Россия ҳарбийлари: Бағдодий ўлдирилган бўлиши мумкин

Бағдодий Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ўтмишда Бағдодийнинг ўлдирилгани тўғрисида бир неча хабар чиққан, бироқ тасдиғини топмаган.

ИШИД гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий Россия ҳарбий учоқлари зарбаси билан Сурияда ўлдирилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик хабаридан англашилича, Бағдодий Раққа шаҳридан унча узоқ бўлмаган ҳудудга бомба ташланиши оқибатида ўлдирилган бўлиши мумкин. Зарба гуруҳ етакчилари йиғилган бинога берилган.

Хабарда айтилишича, ИШИД бошқарув пунктига зарба 28 май куни ярим тунда берилган. Бомбаларни Су-34 ва Су-35 учоқлари ташлаган.

"ИШИД нинг ҳарбий кенгаши таркибига кирувчи олиймақом қўмондонлари йўқ қилинди. Яна тахминан 30 нафар дала қўмондони ҳамда шахсий қўриқчилардан ташкил топган 300 жангари ўлдирилди", - дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.

Унда ёзилишича, "Турли каналлар орқали текширилаётган хабарларга кўра, мажлисда ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий ҳам иштирок этган ва зарба натижасида йўқ қилинган".

Россия ҳарбийларининг маълумотларига кўра, ушбу йиғилишда экстремистларнинг бир неча етакчилари ҳам иштирок этган ва ўлдирилган.

"Ўлдирилган террористлар орасида - Раққа амири Абу ал-Хожи ал-Мисри, Раққадан шаҳридан Ас-Сухна аҳоли яшаш пунктигача бўлган ҳудудни назорат қилувчи амир Иброҳим ан-Ноиф ал-Ҳаж ҳамда ИШИД хавфсизлик хизмати раҳбари Сулаймон ал-Шауах бор", - демоқда Россия Мудофаа вазирлиги.

Сурияда амалиётлар олиб бораётган АҚШ бошчилигидаги халқаро аксилтеррор коалиция Россия Мудофаа вазирлиги чиқарган хабарни тасдиқлай олмаслигини билдирди. Бу ҳақда коалиция раҳбари полковник Жон Дорииан Рейтер агентлиги билан суҳбатда маълум қилган.

Ўтмишда ИШИД раҳбарининг ўлими матбуотда бир неча маротаба чоп этилган, бироқ улар ўз тасдиғини топмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ